Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президентнинг янги фармони: картошка ва шакар қиммат бўлмайди

Президентнинг янги фармони: картошка ва шакар қиммат бўлмайди

Фото: «Darakchi.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 январь куни «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолангани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, 2018 йил 1 февралдан бошлаб истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га қўйилган тақиқ бекор қилинади. Шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек, истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди. Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади.

Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан импорт қилиш истисно ҳолларда ва фақат товар-хом ашё биржалари, жумладан, хорижий биржаларнинг очиқ электрон савдолари тизими орқали амалга оширилади.

Энг муҳими, озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди, Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги батафсил ахборот ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.

Қолаверса, биржа брокерлари тижорат банкларига мижоз — норезидент номидан товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)га талабнома бериш, норезидент — юридик шахслар эса Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)ни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу ҳужжат билан ишлаб чиқарувчилар ва товар-хом ашё биржаларига анча енгиллик яратилганини кўриш мумкин. Ўтган йилги картошка ва пиёз нархининг кескин ортиб кетиши кўплаб норозиликларга сабаб бўлганди. Бу йил мазкур ҳолатларнинг олди олинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг