Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Пулни ёқиб юборсаммикан?»

«Пулни ёқиб юборсаммикан?»

Фото: Xabar.uz

Ховослик Сардор унга ишониб топширилган 23 320 АҚШ доллари ва 476 000 сўм миқдордаги нақд пулларни эгасига элтиб беришдан аввал ўзига ана шундай саволни берди. «Бунча пулни ёқиб юбориш учун одам жинни бўлиши керак», дея қўшиб ҳам қўйди.

Аслида бу гапни унга нафси айтаётган эди. Агар у ушбу пулларни омонат сифатида қабул қилиб, эгасига ўз вақтида етказиб берганида эди, нафси устидан ғалаб қозонган ва суднинг қора курсисида ўтирмаган бўлар эди.

Лекин бундай қилмади ва қўлига катта миқдоридаги пулни ушлаган заҳотиёқ антиқа спектаклни саҳналаштирди. Бош рол ижрочиси эса албатта ўзи бўлди. Энг қизиғи, у бошлаган спектаклда ўзидан бошқа ижрочи йўқ эди.

Яъни ўзининг бошқарувида бўлган «Ваз-2108» русумли автомашинасида Джаббаровнинг олдига бориб, ундан Шамансуровга тегишли бўлган жами 249 771 891 сўм қийматга эга бўлган 23 320 АҚШ доллари ва 476 000 сўм миқдордаги пулларни Шамансуровга етказиб бериш учун ўзининг моддий жавобгарлигига қабул қилиб олади.

Бу пулларни ўзлаштириш мақсадида эса Гулистон шаҳрининг Намуна маҳалласи, Бунёдкор кўчасида автомашинани тўхтатиб, ундаги пулларни олиб, шу ерда пул маблағлари ёнғин натижасида нобуд бўлганлиги ҳақида тасаввур уйғотиш ҳамда моддий ва жиноий жавобгарликдан қутулиш йўлида, бошқарувидаги «Ваз-2108» русумли автомашинани қасддан ёқиб юборади. Ёнғин натижасида автомашинада бўлган ҳужжатлар ҳам ёниб кетади. Лекин Сардор пулларни ўзи билан олиб қолади.

Суд мажлисида сўроқ қилинганида автомашинани кўздан кечирган вақтида автомашина салонида ёнган компакт диск бўлаклари, ёнган кундалик дафтар бўлаклари ва бошқа қоғоз бўлаклари борлигини кўрганлигини, лекин автомашинада бўлган 23 320 АҚШ доллари ва 476 000 сўм миқдордаги пуллар автомашинанинг бошқарув панелида жойлашган бардачокда турганлиги сабабли ёнган пул бўлаклари топилмаганлигини, автомашинани қасддан ёқмаганлигини, етказилган зарар қопланмаганлигини, адолатли қарор чиқаришни сўраб кўрсатув берди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида муҳокама қилинган мазкур ишда гувоҳларнинг кўрсатувлари, воқеа жойни кўздан кечириш баённомаси, чизмаси ва фото-жадваллари, кузатув камерасидан олинган видео ёзувни кўздан кечириш баённомаси ҳамда ёнғин-техникавий экспертизасининг хулосалари, жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар мажмуи билан Сардорнинг айби тўлиқ ўз исботини топди. Хулоса қилиб айтганда унинг спектакли судда иш бермади.

Яъни суд ҳукми билан Сардорга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил беш йил олти ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг Сардордан жабрланувчи Шамансуровнинг фойдасига 250 247 891 сўм пул маблағи ундириладиган бўлди. Аниқ факт ва далиллар, гувоҳлар ҳисобга олинмаган Сардорнинг спектакли шу зайлда ўз якунига етди.

Улуғбек Жумаев,
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг