Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қадимги тиббиёт: тўқмоқ зарбидан илон заҳригача

Қадимги тиббиёт: тўқмоқ зарбидан илон заҳригача

Фото: «Zen.yandex.ru»

Одам — ниҳоятда иззатталаб ва худбин мавжудот. Тасаввур қилинг, аллақачон яшаб ўтган одам биздан ақллироқ ва уддабуронроқ бўлса, ғижинимиз кела бошлайди. Эҳтимол, шу сабабдан айрим тиббиёт луғатлари ва энциклопедиялари ҳозиргача «Ибтидоий одамлар шахсий гигиенага — уй ва тана тозалигига кам эътибор беришган. Кийимларини умрида бир марта алмаштиришган, шу боис териси ифлос бўлган. Ғорларда ахлатлар эшигининг олдигача уюм-уюм бўлиб ётган, улардан йилнинг иссиқ фаслларида бадбўй ҳид анқиб турган» деган асоссиз чўпчакларни келтиришдан чарчашмаяпти.

Қисқаси, ҳаммаси даҳшатли ва қўрқинчли бўлган. Лекин шу ўринда «Унда бундай шароитларда яшаган одамзод қандай қилиб бизнинг кунимизгача жон сақлаб келган?» деган асосли савол жавобсиз қолмоқда.

 Тош асрида ибтидоий одамлар қандай даволанишган?

Тош асрида ҳатто мураккаб операциялардан кейин ҳам ҳозиргидан кўра узоқроқ яшашган.

Одам эмас — чақмоқтош!

Боз устига, у давр одамлари шунчаки жон сақлашмаган. Тарихимизнинг қарийб 8/9 қисмини ташкил этадиган ўша тош давридаёқ инсоният Антарктидадан ташқари ҳамма қитъаларни забт этиб, ўзига хос «мутлақ йиртқич»га айланган. Мақоламизнинг кириш қисмида келтирилган цитатада ёзилганидек, «битлиқи пакана думбул» ошқозон яраси, суяк чириши касаллиги, сифилис, мушаклар атрофияси нималигини умуман билмаган.

Археологик маълумотлар бизга мутлақо бошқа аждодларимизни таништирмоқда. Уларнинг бўйи ўртача эркакларники — тахминан 180 см, аёлларники — 165 — 170 см бўлган. Бугунги куннинг асосий балосига айланган кариес амалда кузатилмаган.

Ғорлар масаласига келсак, шароит сиз ўйлагандек оддий эмасди. У ер қоронғи, зах ва совуқ эди — ҳаво ҳарорати қишда ҳам, ёзда ҳам +6 дан ошмаган. Денгиз қирғоқларида тик қояларда юзага келган сунъий ғорларни наҳотки турмуш учун яроқли деб ҳисобласангиз?! Масалан, Россия марказидаги паст текисликларда қадимда катта-катта ярим ертўлалар қуришни маъқул кўришган. Мамонтнинг калла суяги ва жағларидан пойдевор, дандон тишларидан тўсиқлар барпо этишган. Бунга Межиричи манзилгоҳларидан топилган бир нечта уйларни далил сифатида келтириш мумкин. Ёмон шилиб олинган сассиқ мўйналар ҳақидаги гаплар ҳам уйдирмадир. Владимир областидаги Сунгирь манзилгоҳида 27 минг йил муқаддам дафн этилган одам қолдиқлари топилган. Қария ва иккита ўсмирдан иборат марҳумларга капюшонли комбинезон кийилган бўлиб, турли тақинчоқлар билан безатилган.

Шундай экан, ибтидоий одам ифлос, ахмоқ бўлган ва тиббиётни тушунмаган, дейиш нотўғри. Устига-устак, бутун Евроосиёда ҳар йили буни тасдиқловчи далилий ашёлар топилмоқда. Биргина мисол, хирургиянинг ўзи ўша вақтларда юксак даражада бўлган.

Бошдаги тешиклар

XX асрнинг ўрталарида одам атом энергиясига эгалик қилиб, коинотни ишғол қилишга киришган бир пайтда шифокорлар: «Баъзан бош суякни пармалаш зарур бўлиб қолади. Бироқ аксарият вазиятларда беморни йўқотиб қўйиш эҳтимоли юқори», деб ғам-андуҳга ботишарди. Орадан 25 йил ўтгач Франциядаги Лозер дарёси водийсида тош асрига тааллуқли трепанация излари яққол сезилиб турган одамларнинг бош суяклари топилди. Бунга ҳеч ким ишонгиси келмасди. Айримлар ҳатто тешиклар диний маросимлар билан боғлиқ, ўлимидан олдин тешилган дейишга тушишди. Бироқ фактлар бундай эмаслигини кўрсатиб берди: 30 минг йил муқаддам чақмоқтош курак ёрдамида бош суягида қилинган тешиклар ўсган. Яъни бемор операциядан сўнг тирик қолган, устига-устак, кўп яшаган. Фаол бўлган десак ҳам, муболаға қилмаймиз — акс ҳолда бешафқат даврда Ер юзида жон сақлаб бўлмас эди.

Шундан сўнг бундай бош суяклари юзлаб топилди. Статистикага кўра, тош асрида 10 трепанациядан 9 таси муваффақиятли якунланган. Боз устига, бош суягида тешик билан яшаган бутун бир оилалар қазиб олинган.

Археологлар тош асри технологиясини тиклашга уриниб кўришди. Трепанация ёввойиларча усулда амалга оширилган — суякни бир уриб тешмасдан, унинг қаватлари секин-аста қиртишланган. Бунинг ўзига хос ижобий жиҳатлари ҳам бор: бундай усулда бош мия қобиғига зарар етмайди. Бироқ салбий томони ҳам йўқ эмас: операция катта ёшли одамда бир ярим соатгача давом этган. Шунда ўринли савол туғилади: хўш тош асри одамлари бундай оғриққа қандай дош беришган?

Наркотик моддалар

ХХ асрнинг иккинчи ярмида олимлар шомонизм феноменини жиддий ўрганишга киришишди. Масалан, Сибирда шомонлар ҳали-ҳануз фаолият олиб боришмоқда. Шунда қизиқарли далиллар маълум бўлди. Шомонлик қилиш жараёнида шомон транс жараёнига нафақат ўзи, балки бирдан бир неча кишини кирита олган. (Транс — гипноз, жазава ва зўр хурсандчилик вақтида асабларнинг қўзғалиб кетиши, миянинг карахт бўлиши, ҳушдан кетиши — таҳририят!) Бундай транс чуқур бўлиб, бир неча кунгача чўзилиши мумкин. Мазкур ҳолатга тушиб қолган одам, табиийки, оғриқни сезмайди. Тўғри, оғриқсизлантиришнинг бу усули муайян ҳолатлардагина қўл келган: трепанация ёрдамида бош-мия жароҳатлари, мияга қон қуйилиши асоратларини даволаш, ўсмаларни олиб ташлаш шулар жумласидан. Бироқ у руҳий касаллар учун хавфли ҳисобланган. Лекин шомонлар бунинг ҳам йўлини топишди. Тош асрига тааллуқли бир қанча қабрларда наша, кўкнори, галлюциноген қўзиқоринлар қолдиқлари топилган. Шундай экан, 30 минг йил муқаддам шомон операциядан олдин беморини наркотик модда билан ухлатиб қўйган. Бу XX аср шифокорларининг беморга морфий юборишидан унчалик фарқ қилмайди.

Шуни фараз қилиш мумкинки, бундай анестезияда чақмоқтошли пармалар ёрдамида тишларга ҳам ишлов беришган. Олд Осиё ва Эрон тоғликларида мамонт овчиларига замондош одамлар қолдиқлари топилган. У ерда трепанация фоизи камроқ бўлса-да, тишларни суғуриб олиш нима учундир кўпроқ. Ўша ерлик табиблар билан шомонларнинг ихтисослиги европалик шифокорларникидан бир мунча фарқ қилган. Лекин шунга қарамай улар ўз соҳасида ҳайратланарли натижаларга эришишган. Масалан, фил суяги ёки табиий асфальтдан уч, тўрт ва ҳатто бешта тишлар учун кўприкларни шу даражада аниқ жойлашганки, ёқа ушлаб қоласан киши. Яна буларнинг бари «жирканч» тош қуроллар ёрдамида амалга оширилган.

Тош асри одамлари, ҳақиқатан, бизга нисбатан кам касал бўлишган, лекин жароҳатланиш жуда кўп қайд этилган. Қўл ва ҳатто оёғини кесдириб ташлаш ҳолатлари кўп кузатилган. Айтишларича, бундай чўлоқ кишилар манзилгоҳлардан қувиб юборилган ва муқаррар очликдан ўлиб кетишга маҳкум бўлишган. Аслида улар бахтли ҳаёт кечирмаса-да, узоқ яшашган: 60 ва ҳатто 70 ёшгача.

Агар кимгадир тош асридаги одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси жуда камдек туюлса, бунда тиббиётни айблаб бўлмайди. Ахир ҳатто XIX аср — «буғ ва электр асри» ҳам «ёввойилар» даври билан рақобат қилолмайди. Негаки бундан бор-йўғи бир ярим аср муқаддам одамларнинг ўртача узоқ умр кўриш даражаси Ер сайёрасида атиги 38 ёшни ташкил этган.

Оғриқсизлантириш фани қандай ривожланган?

Меҳригиёҳ, белладонна, опиум, қор ва муз билан совитиш, нерв толаларини эзиш ва бўйин томирларини сиқиш... Бироқ мазкур усуллар керакли натижа бермаса-чи? Албатта, булар ҳаёт учун ниҳоятда хавфли эди. Негаки бошга зарба бериб, беморни ҳушсиз ҳолга келтириш сингари кескин чоралар кўрилган. Шунга қарамай, улар барибир қўлланилган: акс ҳолда бемор шокдан вафот этарди-да!

Фарадейнинг ҳиссаси

Оғриқсизлантирувчи воситанинг ихтиро қилиниши ҳамда оғриқ устидан ғалаба қозониш учун реал шароитлар XVIII аср охирида, кислород (1771 йил) ва азот чала оксиди (1772 йил) тоза ҳолда олинганидан, шунингдек, диэтил эфирнинг физик-кимёвий хусусияти муфассал ўрганилгач пайдо бўлди. Буни 1818 йил англиялик олим Майкл Фарадей амалга оширди. Оғриқсизлантирувчи восита илмий асосланган ҳолда тиббиётга бор-йўғи XIX аср ўрталаридагина кириб келди. Бунгача эса операцион шокнинг олдини олиш мақсадида жарроҳлар операция кетаётган вақтни максимал даражада қисқартиришга ҳаракат қилишган. Николай Иванович Пирогов қовуқни юқоридан кесишни 2 дақиқада, кўкрак безини олиб ташлашни бир ярим дақиқада уддалаган. Француз Ларрей Бородина жангидан сўнг бир кечада 200 та ампутацияни амалга оширган.

Ҳайратомуз сукунат

Эфир наркози биринчи марта Гарвард университетида оммавий намойиш этилган. Уни дантист Уильям Мортон ўтказган. У беморни эфир ёрдамида ухлатиб, жағ ости соҳасидаги ўсмани олиб ташлаган. Жарроҳлик аралашуви мутлақ жимжитликда амалга оширилган, бу операциялар чоғида йиғи-сиғига ўрганиб қолганларда ҳайратомуз таассурот қолдирган.

Эҳтимол, бирорта ҳам янгилик бу даражада тез тарқалмаган бўлса керак... Кашфиёт ҳақидаги хабар жуда тез бутун дунёни айланиб чиққан — шундан сўнг қолган барча ухлатувчи воситалар четга суриб қўйилган.

Ўшандан буён 1846 йил 16 октябрь замонавий анестезиологиянинг туғилган куни сифатида эътироф этилади.

Деҳқон Виктор ва қиролича

XVIII асрнинг иккинчи ярмида ва кейинчалик юз йил мобайнида Европада месмеризм — замонавий гипнознинг ўтмишдоши кенг тарқалган. Унга австриялик врач Франц Антон Месмер (1734 — 1815 йиллар) асос солган.

Маълумотларга кўра, франциялик деҳқон Виктор уйқу пайтида ўзини дарахтдан ечиб, қишлоғигача етиб борган. Бу жарроҳларда катта таассурот уйғотган. Пировардида, операция вақтида гипноздан фойдаланишга бўлган уринишлар анча пайтгача анестезиология ривожланишини ортга сурган. Месмер издошлари ўз ёндашувларини фаол ҳимоя қилишди ва ҳатто эфирни ишлатгандан кейин ҳам унинг муваффақияти фақат тасаввурга таъсир қилади, дейишди. Хирурглар, Месмер издошларининг ўзлари ҳам операция вақтида ухлатиш учун эфирдан фойдалана бошлагач хирургияда месмеризм даври ниҳоясига етди.

Боз устига, 1847 йили инглиз Жеймс Симпсон илк бор наркотик модда сифатида хлороформдан фойдаланган. Хлороформ ишлатилганда наркоз эфирдан кўра тезроқ келади ва у унчалик тез ёнмайди. Шу боис у жарроҳлар орасида жуда тез оммалашган ва эфирни суриб чиқарган. У ҳатто Англия қироличаси Виктория саккизинчи фарзандини дунёга келтираётганида синаб кўрилган.

Россияда эфир ва хлороформли наркозни илк бор Пирогов Мортон намойишидан тўрт ой ўтар-ўтмас қўллаган. У ҳам салбий хусусиятлари ва оғир асоратларига ишора қилган.

Янги йўллар

Шунга қарамай, хлороформли наркознинг токсик асоратлари ундан воз кечишга олиб келди. Наркотик моддалардан нафас йўллари орқали фойдаланиш бир қатор камчиликларга эга эди: бўғилиш, тўлқинланиш... Буларнинг бари янги йўлларни излашга мажбур қилди.

1913 йили наркоз учун илк бор барбитуратлардан фойдаланилди. Бошқа йўналишларда ҳам изланишлар давом этарди. Анестезиологияда янги даврни скелет мушакларини тинчлантирувчи табиий препаратлар ва уларнинг сунъий ўхшашликлари қўлланилиши бошлаб берди. Миорелаксантлар наркозни мукаммалроқ ва хавфсизроқ кўринишга олиб келди.

Анестезиология илмий асосланган тартиб сифатида ХХ асрнинг 30-йилларида тан олинди. 1937 йили АҚШда анестезиологлар кенгаши ташкил этилди. 1935 йили анестезиология бўйича имтиҳон Англияда жорий қилинди.

50-йиллар аксарият жарроҳлар учун шу нарса аён бўлдики, жарроҳлик аралашувларини ўтказиш хавфсизлиги кўп жиҳатдан уларнинг анестезиологик таъминотига боғлиқ экан. Шунда анестезиологияни клиник тартиб сифатида қабул қилиш масаласи юзага келди.

Анестезия хавфсизлигини ошириш ва анестезиологлар сонининг кўпайиши умумий оғриқсизлантиришга кўрсатмаларни кенгайтиришга олиб келди. Агар 50-йилларда барча операцияларнинг 90% маҳаллий анестезия остида ўтказилган бўлса, ўн йил ўтар-ўтмас барча операцияларнинг қарийб ярми наркоз остида амалга оширилди.

Катта операцияларда оғриқни йўқотиш организм ҳаётий фаолиятини сақлаш учун етарли бўлмай қолди... Анестезиология олдига янги вазифа қўйилди: нафас, юрак-қон томир тизими, моддалар алмашинувининг бузилган функцияларини яхшилаш учун шароит яратиш. Ўпкада ҳавони сунъий айлантириш муаммосининг ҳал этилиши жарроҳлик аралашуви учун янгидан-янги имкониятлар берди, ўпка ва кардиохирургия, трансплантологияга йўл очилди.

Анестезиологиянинг ўзи хирургиядан ривожланиб чиқиб, реаниматологияга йўл очиб берган.

Шоҳида Исроилова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг