Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қадимий дара сирлари. Нима учун аждодларимиз бу ерни маскан тутган?

Қадимий дара сирлари. Нима учун аждодларимиз бу ерни маскан тутган?

Сармишсой дарасига кирганингиз ҳамоно нима учун аждодларимиз бу жойни маскан тутганига тушуниб етасиз. Дара ҳавоси тоза, тик чўққилари эса минг йиллар аввал қолдирилган петроглифлар билан тўла. Ўн мингдан ортиқ қоятош суратлари аждодларимиз ҳаётидан сўзлайди.

Бир вақтлар тўлиб-тошиб оққан, хозир эса кичик ирмоқ даражасига тушиб қолган сой суви эса жуда мазали. Бу сув ёзнинг жазирамасида муздек, қишнинг қаҳратонида эса илиқ туюлади. Бундай жойда 10 минг йил олдин эмас, хозир ҳам яшашни истайди одам.

Туризмда турли йўналишлар бор – тарихий, экстремал, эко туризм. Сармишсой дараси эса мана шу соҳаларнинг барчасини ўзида жамлай олади. Бу ерда 7 минг йиллик тарих билан ҳам юзлашасиз, табиатдан баҳра олиб, турли саргузаштларни ҳам бошингиздан ўтказишингиз мумкин.

Туризм ва спорт вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамкорлигида оммавий ахборт воситалари учун ташкил қилинган инфо-тур давомида соҳанинг олди мутахассислари журналистларга петроглифлар ҳақида сўзлаб беришди.

Ер юзидаги энг катта тош «санъат галереяси»

Навоий шаҳридан 40 км.ча узоқликдаги Қоратоғ тоғининг жанубий ёнбағридаги Нурота тоғларида жойлашган Самишсой дарасига айнан шундай таъриф берилади. Узунлиги 2,5 км.га чўзилган бу дарада 10 000 га яқин тош қояларга ўйиб чизилган петроглифларни кўришингиз мумкин.

Ушбу петроглифлар илк маротаба қачон Сармишсой дарасининг қоятошларида пайдо бўлганлиги номалум. Буқа турларининг энг қадимий тасвирлари эса милоддан аввалги VII-II минг йилликда яратилган. Бу ердаги сак-скиф қабилаларининг ҳаёти билан боғлиқ бўлган дастлабки темир даври (милоддан аввалги IX-II асрлар) кийик, архар, туялар, отлар ва чавандозлар тасвирлари, ов манзаралари ва маросимлари билан ифодаланади. Сармишсой табиий - археологик мажмуаси музей қўриқхонасига айлантирилган бу манзилгоҳни «тош китоб» ва «очиқ осмон остидаги тош энциклопедия» ҳам дейиш мумкин.

Петроглифларни узоқ кузатиб турсангиз, дара сокинлиги билан уйғунлашиб, ўша даврлар ҳаётига тушиб қоласиз гўё. Тош асарларда тасвирланган оловнинг кашф этилиши, ёввойи ҳайвонларни хонакилаштириш даврлари, чорвачилик маданияти тарихи ва ов жараёнлари бирма-бир кўз олдингиздан ўтаверади. Ана шунда бу тасвирлар шунчаки суратлар эмас, ҳақиқий санъат асарлари эканлигига амин бўласиз.

Тўкин ҳаёт

Тошларга ўйиб ишланган, баъзилари охра асосида бўялган тасвирлардан маълум бўладики, бу дарада бир пайтлар тўкис ҳаёт учун барча шароитлар бўлган. Кийик, архар, туялар, ёввойи буқалар, отлар ва чавандозлар тасвирлари, ов манзаралари ва маросимлар акс этган суратлар бу фикрларни тасдиқлаб турибди. Рақс саҳналари эса ўша даврларда ҳам мусиқа бўлганлиги, бу ҳудудда маданият ривожланганлигига ишора қилади.

Олимларнинг фикрича, ҳар бир петрофлиф 1-10 кун орасида чизилган бўлиши мумкин. Бу эса барча ҳаёт ташвишларидан ортиб, бу ерлик аҳоли тошга суратлар чизишга ҳам вақт топа олганликларидан далолатдир.

Бундан ташқари

Мазкур табиатни муҳофаза қилиш зонасида петроглифлардан ташқари, қадимий ғор расмлари, тошларни қайта ишлаш устахоналари, шахталар, аҳоли пунктлари, дафн этиш жойлари, тепаликларни ўз ичига олган манзиллар ҳам бор. Шунингдек, Сармишсойнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳам жуда ажойиб ва хилма-хилдир. Бу ерда ўсувчи 650 дан ортиқ ўсимлик турлари рўйхатга олинган. Ўрта Осиё кобраси, бургутларнинг бир нечта турлари, қора тулпор ва Қизилқум тоғ қўйлари каби ҳайвонлар Ўзбекистоннинг «Қизил китоби»га киритилган.

У ерни қандай топиб борамиз?

Сармишсойга бориш учун Навоий шаҳридан ҳар шанба ва якшанба кунлари қатнайдиган микроавтобуслар билан «Сармиш» болалар соғломлаштириш оромгоҳига келасиз. Рюкзагингизга егулик, сув ва бошқа керакли ашъёларингизни солиб, буёғига пиёда юриб борасиз. 3,5 чақирим юрсангиз, ўша сирли ва сокин дара қаршингиздан чиқади. Қояларда ўз хавфсизлигингизга эътиборли бўлинг. Яна бир илтимос, саёҳатга чиқасизми ёки зиёратга ўзингиздан атроф-муҳитга чиқинди қолдирманг. Барча маданий бойликлар-у, экологиямизни келажак авлодга ўз ҳолича етказайлик. Сармишсой сизларни кутмоқда!

Сафари туризми

Сармишсой ранг-баранг Навоий экстремал ва эко туризми учун биргина мисол эди, холос. Юзлаб километрларга чўзилиб кетган қум-барханлар, саҳролар бағрида янгидан ташкил этилган чўл (сафари) туризми ҳам вилоятда яхши йўлга қўйилган. Конимех тумани марказидан 60 км узоқликда жойлашган «Camel travel» дам олиш маскани бунга биргина мисолдир. Бу ерда туя сутидан ичиб, ўтовларда тунаб, гулхан атрофида бахши ижросидаги халқ қўшиқларини тинглаш имконига эга бўласиз. Инфо-тур ташкил этилган кун мазкур манзилгоҳда германиялик саёҳлар дам олишаётганининг гувоҳи бўлдик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг