Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қашқадарёда истеъмолчига 12 миллион сўмлик моддий зарар ундириб берилди

Қашқадарёда истеъмолчига 12 миллион сўмлик моддий зарар ундириб берилди

Фото:«Xabar.uz»

Қашқадарёлик Жасур Шаҳриев ўзига катта миқдорда моддий зарар етказилганлиги, бироқ хизмат кўрсатувчи ташкилот ушбу зарарни тан олмаётганлиги тўғрисида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига ариза билан мурожаат қилган.

Маълум қилинишича, Ж.Шаҳриев Қарши шаҳридан 2 хонали уй сотиб олиш учун «Нефтгаз соф савдо» МЧЖ билан етти йил муддатга шартнома тузган ва уй-жойнинг 30 фоизи миқдорида бошланғич бадалини шакллантириш учун Ипак йўли банкига 70 миллион сўм тўлаган. Бироқ уй-жой 174 097 000 сўм баҳоланиб, унинг 30 фоизлик тўлови 52 229 100 сўмни ташкил этган. «Нефтгаз соф савдо» МЧЖ мутасаддилари эса Ж.Шаҳриев томонидан ортиқча тўланган 18 450 000 сўмни ҳисобга киритмасдан, фуқарога қайтариб бермасликларини маълум қилишган. Бу эса Ж.Шаҳриевга уй сотиб олиш учун банк томонидан расмийлаштирилган 122 547 000 сўм кредитга ортиқча 2700000 сўм банк фоизи ҳисобланишига олиб келган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмида «Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим» деб белгилаб қўйилган.

Қонуннинг ушбу талабидан келиб чиқиб, истеъмолчи Ж.Шаҳриевга етказилган моддий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд томонидан даъво талаби муҳокама қилиниб, «Нефтгаз соф савдо» МЧЖ ҳисобидан истеъмолчи Ж.Шаҳриев фойдасига 21 190 000 сўм моддий зарар ундиришни лозим топди.

Шунингдек, суд жараёнида ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар туфайли истеъмолчига маънавий ва руҳий зарар етказилган, деб ҳисобланди ва Ж.Шаҳриев фойдасига маънавий зарар учун 500 минг сўм товон пули ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг