Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Риштондаги чинорларга «қирон келдими»?

Риштондаги чинорларга «қирон келдими»?

Фото:«Ekolog.uz»

Журналист Наргис Қосимова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Фарғона вилояти, Риштон туманида йўл кенгайтириш баҳонаси билан азим чинорлар кесилаётгани ҳақида хабар берди. 

«Бугун эрталабдан Фарғона водийси, аниқроғи Риштон туманидан ҳавотирли хабар келди. Риштон туманининг марказий кўчасидаги чинорлар ўзи кенг бўлган йўлни «кенгайтириш баҳонасида» кесилмоқда. Аҳоли норози, аммо бу норозилигини фақатгина уйдан чиқмай билдиришмоқда. Мазкур дарахт кесилишлари қанчалик қонуний? Наҳотки, ободонлаштириш ва қурилиш ишларини дарахтларни нобуд қилмасдан амалга ошириш мумкин бўлмаса? Уларнинг ўрнига кейинчалик экиладиган кўчатлар 50-80 йиллик чинорлардек бўлганича бир инсон умри ўтади (агар ўрнига яна арча эмас, чинор экилса албатта?!). Бунга туман ҳокими Таваккал Раҳимов, Фарғона вилояти ва туман экология қўмитаси бўлимлари, Экологик партия ва Экоҳаракат туман бўлимлари қандай муносабатда?

Фарғона водийси бундан атиги 5 йил муқаддам дарахтларнинг, азим чинорларнинг кўплигидан энг салқин, энг соя, боҳаво ҳудудлардан бири эди. Аммо республикамизда шаҳарларни ободонлаштириш борасида фаолият бошланиши билан биринчи галда дарахтларга том маънода қирон келди. Шаҳарнинг кўркига кўрк қўшилдию, аммо яйдоқ чўлга айланди. Албатта йўл четига экилган аксарият арча кўчатлари келгусида чинорлардек сояни бермайди. Ёзда ҳароратнинг кўтарилишига дарахтларнинг камайиб кетиши, атмосферанинг ифлосланишига (дарахтлар кислород чиқариб, карбонат ангидридни ютишини унутмайлик!) аҳолининг соғлиғини ёмонлашишига, юрак-қон-томир, нафас йўллари касалликларининг ортишига олиб келмоқда. Ҳурматли риштонликлар, дарахтларни кесилишига йўл қўйманг, ўзингиз, фарзандларингиз соғлиғи қисман бўлсада ана шу дарахтларга боғлиқ эканлигини унутманг».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг