Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саудия Арабистони бепул деб кўрсатаётган умра визаси нархи бизда қандай белгиланяпти?

Саудия Арабистони бепул деб кўрсатаётган умра визаси нархи бизда қандай белгиланяпти?

Фото:«Islom.uz»

Камина чет элларга кўп саёҳат қилганим учун юртдошларимиз, айниқса ҳаж ва умрани ният қилган биродарларимиз саволга тутишади: «чет элликлар ҳам Саудияга бориш учун биздай йиллаб кутишадими, емай-киймай йиғишадими?» Йўқ, бизчалик эмас. Аксар чет элликлар саёҳатни, кўрмаган жойларини кўришни жуда яхши кўради, аммо бирор сабаб билан Саудияга бора олмаса, Дубайга, Истамбулга, Куала Лумпурга ва ундан нарига боради.

Расмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистони Қироллиги, Ҳаж вазирлиги умра ва ҳаж зиёратларини ташкил этишни махсус лицензияси бор агентлик ва фирмаларга ишониб топширган. Аслида ҳаж ва умра визаси бепулдир. Савол сўрайман деб Саудиянинг Тошкентдаги элчихонасига телефон қилсангиз, нуқул автоовозга тушасиз. Ҳаж вазирлиги веб-сайти эса мана бу ерда.

Келинг, ҳозир жуда кўпчиликни қизиқтираётган умра зиёратига бориш хусусида гаплашайлик. Ўтган ҳафта расмий манбаларга суяниб, бу ишни ташкиллаштириш ҳозирча туроператорларга ўтказилмайди, деб ёзди «Kun.uz».

Аммо «Daryo.uz»да «Alfa Tour»нинг умрага таклиф этаётгани ҳақида хабар чиқди.

Савол: Агар турфирмаларга рухсат теккан бўлса, нега кўпчилик кутиб турган бундай муҳим маълумотни расмий доиралар эълон қилмаяпти? Бу тур агентлик маълумотига ишонса бўладими? Агентликка қўнғироқ қилиб сўрадик: барча хизматлар учун олдиндан тўловни амалга ошириш лозим экан. Хўш, туристик агентликларга умрага юбориш учун рухсат тегдими?

Энди турагентлик ва ё дин ишлари қўмитаси ёзаётган, таклиф этаётган умра хизматларига боқайлик. Одатда, сафарга чиқаётган одам учта муҳим нарсага эътибор қаратади: виза, билет ва меҳмонхона/тураржой.

Бориб-келиш билети – тахминан 6,5-7 миллион сўм (770-830 доллар). Саудияга тўғридан-тўғри рейс ҳар куни учяпти. Турфирмалар орқали кетилса, «Ҳаво йўллари» учоқларида борса бўладими? Дубай, Деҳли ё Истамбул орқали ҳам чипта нархидаги фарқ жуда катта эмас, ҳатто баъзан арзонроқ.

Виза – ҳукумат виза харажати деганда нимани назарда тутаётганикин? Аммо туристик агентлик ва умрага боришга ёрдам бермоқчи бўлган «учарлар» виза учун тахминан 500-600 доллар сўрамоқда (виза хизмати ва ё виза учун бундай нарх дунёнинг ҳеч бир мамлакатида мавжуд эмас!). Саудия визани бепул деяпти, аммо турагентликлар ёки ҳукумат қандай виза хизмати ё ҳужжати учун пул олаётгани негадир шаффоф эмас. Масалан, компьютерда ишлашни, тегишли тилни биладиган одам виза анкетасини бемалол ўзи тўлдира олади. Анкета тўлдириб жўнатиш ва тасдиқланган визани эгасига жўнатиш учун шунча пул олиняптими?

Савол: Саудия Арабистони бепул деб кўрсатаётган умра визаси ва ё виза хизмати учун нарх бизда қандай белгиланяпти?

Меҳмонхона/тураржой: Ҳукумат ва турфирмалар негадир ҳашаматли тураржой таклиф этяпти. Саудияда ҳамма меҳмонхоналар уч, тўрт ё беш юлдузлими? Оддийроқ, арзонроқ ҳостелда турса бўлмайдими? Менимча, ният-мақсад чин дилдан ибодат ва ҳокисорлик ила муқаддас жойларни зиёрат қилиш бўлса яхши, юлдузли меҳмонхонада роҳатланиш эмас.

Ва ё оддий зиёратчига ўзбек ошпазлари тайёрлаган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспортнинг қанчалик кераги бор?

Тиббий суғурта полисини олиш жуда осон, нари борса икки ҳафталик тур учун 50 доллар пул тўлайсиз. Зиёратга борган жойингизда ўша юрт ҳалол таомларидан татиб кўриш қизиқроқ эмасми? Ва ё ҳозир замонавий бўлмаган қандай транспорт бор? Енгил «Фольксваген» ё «BMW»мас, оддий автобус ва арзонроқ такси хизматидан фойдаланса нега бўлмайди? Зиёратга махсус рамз туширилган махсус либосда эмас, айтайлик, ўзимизнинг пахтадан тайёрланган тоза либослар, одмигина оппоқ футболкаларимизни кийса бўлмасми, ё ўзбеклигимизни албатта рамзлар орқали кўрсатиб юришимиз зарурми?

Саёҳат қилиш тажрибасига эга юртдошларимиз элликбоши ё юзбошисиз мустақил равишда оила аъзолари, дўстлари билан зиёратга отланишига рухсат берилса, бир ҳафталик зиёрат-ибодатга бориш харажати янада қисқарган ва кўпчилик учун анча енгиллик бўлган бўларди.

Хуллас, бу мавзуга қизиққан юртдошларимиз узунқулоқ гапларга эмас, фалон телефон рақамига қўнғироқ қилиб ва ё маълумот марказига бориб, аниқ-тиниқ маълумот ола билишларини, ёрдам таклиф этаётган айрим устакорлар тузоғига тушиб қолмасликларини жудаям истайман. Ўзбекча тагмаъноли «гаплашамиз» ва ё фалон киши билан «келишиб кўринг» деган нарсаларга, рўйхатда олдинроқда турган биродари устидан илгарироққа сакраб ўтишга ҳечам йўл қўймаслик ва ё шароит яратиб бермаслик зарур. Мана бундай маълумотлар эса тез-тез янгиланиб туриши кенг жамоатчиликка фойдалидир.

Дуоларимизга эса «ҳажга бориш насиб қилсин» деган эзгу ният қаторида Аллоҳ яратган бошқа элларга ҳам зиёрат ва саёҳатга боришни қўшсак аъло иш бўларди! Зеро, Яратганнинг барча мулки жуда гўзал, Унинг Ўзи эса нақадар Меҳрибон: қандайдир сабаблар билан ҳаж ва ё умрага боролмасак ҳам, бизни кечиришга Қодир! Ота-онамиз, жигарларимиз, оиламиз, дўст-у бегонага меҳр беришни, силаи раҳмни, қўни-қўшнилар, қийналиб турганлар, беморларимиздан хабар олишни унутмадикми, шояд чин мўмин бўлсак ажабмас. Келаётган Рамазони шариф муборак бўлсин!

Аъзам Обидов
Манба: «Azon.uz»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг