Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Миллий гвардияга ўтган қўриқлаш хизмати ходимлари ойлик камлигидан арз қилди

Миллий гвардияга ўтган қўриқлаш хизмати ходимлари ойлик камлигидан арз қилди

Вазирлар Маҳкамасининг 3 июлдаги қарори билан Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Миллий гвардияга ўтказилганди.

Ички ишлардан Миллий гвардияга ўтган бу хизмат ходимлари эътибордан четда қолган шекилли. Каналимизга келиб тушган мурожаатга кўра, Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази (16-горболница) қўриқчилари ойликлари жуда камлигидан арз қилган, деб хабар бермоқда Телеграмдаги Zed News канали.

"Миллий гвардияга ўтгач, ошади дейишганди. Йўқ, ўша ойлик, 600-700 минг сўм оламиз. Ахир бу пулга яшаб бўладими? Бизнинг тизимда бунақа паст маош бериши керакмас-ку. Кечалари ухламай чиққанимиз ҳурматими шу?", деган исмини ошкор қилмасликни сўраган ходим.

Унинг ёзишича, бу масала бўйича шифохона раҳбариятига ҳам чиқишган. У ердан "бўлиши мумкин эмас, сизларга ҳар ой 32 млн. сўм ажратилади", деган жавоб олишган. Мурожаатчига кўра, қўриқлаш хизматида жами 18 ходим ишлайди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, яъни Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизмати ҳақидаги низомда шу масала ҳам ҳисобга олинган:

"Қўриқлаш хизмати ходимларининг пул таъминоти Миллий гвардия ходимларига ўрнатилган тартиб бўйича амалга оширилади.

Қўриқлаш хизмати ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига Миллий гвардиянинг тиббий муассасалари, шунингдек, қўриқланаётган объектларнинг поликлиникалари, касалхоналари, санаторийлари, дам олиш уйлари, болалар боғчалари томонидан хизмат кўрсатилади".

"Умид қиламизки, нуфузи ва кўлами бўйича республикада биринчи ўринда турувчи мазкур шифохона қўриқлаш хизмати ходимларининг ойлик маошлари Миллий гвардия томонидан қайта ҳисоблаб чиқилади", дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг