Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сергелидаги уйлар арзонлаштирилади. Вазифалар тўлиқ бажарилмагунча назорат қаттиқ бўлади

Сергелидаги уйлар арзонлаштирилади. Вазифалар тўлиқ бажарилмагунча назорат қаттиқ бўлади

Фото: «Xabar.uz»

Фуқаролар нимадан норози бўлган эди?

Ўтган ойда Сергели туманининг 5-даҳасида барпо этилган арзон уйларнинг сифати ва нархи масаласи айрим эътирозларга сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи билан 11 апрель куни Сергели тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати раҳбари иштирокида ушбу уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган эди.

Сайёр йиғилишда кўтарилган масалаларни жойининг ўзида ўрганиш ва бартараф этиш бўйича иккита комиссия тузилиб, иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев раҳбарлигидаги комиссияга уйларнинг нархлари масаласини ўрганиш ва имкон қадар арзонлаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш, қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев раҳбарлигидаги комиссияга қурилишдаги камчиликларни ўрганиш ва жойининг ўзида бартараф этиш вазифалари топширилганни ҳақида аввал хабар берган эдик.

Жорий йилнинг 21 апрель куни ушбу комиссияларнинг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди ва унда комиссиялар раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, танқидий муҳокама қилинди. Ишни янада жадаллаштириш, комиссиялар фаолиятига жамоатчилик вакиллари, шу хонадонларда яшайдиган фуқароларни кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Ижтимоий уйлар қурилишини бизнесга айлантириб юборишга йўл қўйилмаслиги қатъий уқтирилди.

Фото: «ЎзА»

Аҳоли олдида ҳисобот берилди

7 май куни Сергели тумани ҳокимлигида комиссияларнинг ўрганишлари натижалари ҳақида аҳоли олдида ҳисобот берилди.

Йиғилишда комиссиялар ўз ишини халқимиз билан бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда амалга оширгани, қилинаётган ишлардан жамоатчиликни хабардор қилиб бориш мақсадида комиссиялар ишига лойиҳа институтлари, молия, солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан бирга йирик нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, хотин-қизлар қўмиталарининг вакиллари, катта ҳаётий тажрибага эга фаоллар, шу ерда яшайдиган фуқаролар жалб қилингани айтиб ўтилди.

Нарх 3 981 700 сўмдан 3 253 100 сўмгача тушади

Йиғилишда иқтисодиёт ва саноат вазири Б.Хўжаев Сергели 5-даҳасидаги 34-уй мисолида қурилишдаги сарф-харажатларни ҳар бир банд бўйича батафсил таҳлил қилиб берди.

Фото: «ЎзА»

Хонадонлар учун белгиланган нархларни ҳар бир квадрат метр учун ўртача 700 минг сўмгача арзонлаштириш, яъни қурилиш ташкилотларининг фойдасини, банк маржасини камайтириш, қурилиш ташкилотлари ва ушбу уйлар учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат томонидан берилган имтиёзлардан оқилона фойдаланиш ва бошқалар ҳисобига уйларнинг ҳар бир квадрат метри нархини 3 981 700 сўмдан 3 253 100 сўмгача тушириш имкониятлари борлигини таъкидлади.

Аҳоли вакиллари бу янгиликни хурсандчилик ва миннатдорлик билан кутиб олди.

Фото: «ЎзА»

Мулоқотда сўзга чиққанлар Президентимиз эътиборидан ва мурожаатлари ўз вақтида ечим топаётганидан мамнун эканликларини билдирди.

Фарзандларимиз Президентимизга ўхшасин

Акмал Қаландаров, 40-уйда яшовчи фуқаро:

– Бизга шунчалик эътибор қаратилиб, оиламиз, фарзандларимиз учун шундай қулай шарт-шароит яратиб берилаётганидан беҳад миннатдормиз. Қурилиш ташкилотларига ҳам раҳмат, кечани кеча, кундузни кундуз, совуқни совуқ демай ишлади, ҳамма баҳамжиҳат бўлиб, камчиликлар тузатилди. Бундай бўлишини очиғи кутмаган эдик. Ваъда берамиз, шу хонадонларда фарзандларимизни Президентимиз каби халққа хизмат қиладиган, фидойи қилиб тарбиялаймиз.

«Қўй берди-ю ипини бермади»...

Мавлуда Салоҳиддинова, 22-уйда яшовчи фуқаро, пенсиядаги ўқитувчи:

– Кўп мамлакатларда бўлиш насиб этган менга. Ҳеч қаерда ўзбекчалик бир-бирига ғамхўр миллатни кўрмадим. Халқимиз нимага эришган бўлса, бир-бирига елкадош бўлиб, сабр-қаноат билан эришди. Сабр қилдик ва мана икки йил ичида қанча-қанда янги уйлар қурилиб, уйсиз, ижара яшаб сарсон-саргардон бўлиб яшаётган одамлар ўз уйига эга бўлди. Бу бахтга эришган қўни-қўшниларимнинг қувончини қаранг. Тўғри, битта-иккита камчилиги бўлиши мумкин. Уларни тузатса бўлади.

Ҳиндистонга борганимда одамлар аэропортда, кўчаларда устига газета ёпиб ерда ётганини кўрганман, Туркиядек давлат фуқароларининг аксарияти ўзининг уйига эга эмас. «Сизлар болаларингизга мерос қолдирмайсизларми?» деб ҳазил-ҳузил қилганмиз. Энг ривожланган мамлакатларда ҳам аҳоли катта қисмининг ўз уйи йўқ.

Мана бизда Президентимизнинг умри узоқ бўлсин, энг муҳтож, йиллаб ишласада уй ололмайдиган одамларни ҳам уй билан таъминлаяптилар. Шундан ҳам нолисак «қўй берди-ю ипини бермади» дегандай бўлиб қолмасинда!

Фото: «ЎзА»

Ижтимоий масалалар ҳал этилади, 10 000 иш ўрни яратилади

Йиғилишда ҳар бир фуқаронинг мурожаати тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Янги қурилаётган уйлар ҳудудида мактаб, боғча, поликлиника, озиқ-овқат дўконлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар бошлангани маълум қилинди. Хусусан, талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, бу ерда давлат дастурларида кўзда тутилганидан ташқари яна 4 та мактаб ва 4 та мактабгача таълим муассасаси, битта поликлиника қурилиши шу йилнинг кузида якунига етказилиши таъкидланди.

Ҳудудга бириктирилган саккизта тижорат банки томонидан саккизта модул бўйича аҳолини, хусусан аёлларни иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга оширишни бошлаб юборган. Сўзга чиққан аёллардан бери унга аллақачон кредит ажратилгани ва учта тикув машинаси олиб, уйида иш бошлаганини мамнуният билан айтиб ўтди.

Фото: «ЎзА»

Бундан ташқари, Сергели туманидаги эски аэропорт ўрнида йирик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиб, бу ерда 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Бу иш ўринларига аввало янги уйларга кўчиб келган аҳоли ишга қабул қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг