Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«СЭС» нега иккига бўлинди? Янги агентлик раҳбари кўпгина масалаларга ойдинлик киритди (видео)

Бугун ривожланиш сари дадил одимлаб бораётган давлат олдида унинг тараққиётига қисман бўлса-да рахна солувчи тўсиқлар бисёр. Буни инобатга олган ҳукуматимиз ҳар бир тармоқ фаолиятини тубдан такомиллаштириш йўлларини изламоқда. Галдаги эътибор аҳолимизнинг санитария-эпидемиологик назоратига қаратилди. Президентимиз ташаббуси билан мазкур муҳим йўналиш иккита тармоққа бўлинди.

«Xabar.uz» сайти фурсатдан фойдаланиб янги тузилган тармоқлардан бири Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовга интервью бериш таклифи билан чиқди. Раҳбар киши ишлари кўплигига қарамай эртаси кунигаёқ биз учун вақт белгилаб, кўпчиликни қизиқтираётган саволларга ойдинлик киритди.

«Ҳозирга қадар аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда асосий бошқарувчи орган – бу давлат санитария-эпидемиологик назорати тизими бўлган.

Жорий йилнинг 9 сентябрида Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон бу йўналишда янги ривожланиш даврини очиб берди. Унга мувофиқ давлат санитария-эпидемиологик марказлари негизида иккита тизим – назорат инспекцияси ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш агентлиги шаклланадиган бўлди. Шу пайтгача тизимнинг вазифалари битта органда мужассамлашган эди. Яъни ишлаб турган тизим ҳам ижро, ҳам назорат функциясини олиб борарди.

Шу ўринда нега бунга зарурат туғилди, деган савол уйғониши табиий. Соғлиқни сақлаш ташкилотига тааллуқли бўлган 5000 дан ортиқ даволаш муассасалари ҳам эпидемиологик жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Яъни мазкур муассасалар юқумли касалликлар тарқалиши мумкин бўлган масканлар ҳисобланади. ДСЭМ Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида бўлгани учун ушбу муассасалардаги эпидемияга қарши ҳамда профилактик чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, текшириш, уларни ўз вақтида бартараф этиш ёки қарши курашишда турли муаммоларга дуч келаётганди. Бунда тизимли муаммолар, яъни «манфаатлар тўқнашуви» юзага келганди», – дейди агентлик директори Баҳром Алматов.

Биз раҳбардан илгари ДСЭМ да ишлаган ходимларнинг «Энди биз қайси тармоққа ишга ўтамиз ёки бўшатиламизми?» деган хавотирларига бирор жавоб айтишини сўраганимизда:

«Ходимлар масаласига келсак, албатта кўпчиликда «Агентлик бўлди, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази тугатилди. Эртага мени инспекцияга ишга олармикан ёки агентликками?» деган ҳар хил саволлар туғилиши табиий. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, мазкур йўналишдаги ходимларимизга мурожаат этмоқчиман. Ҳеч ким ишдан бўшамайди, ҳеч ким улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилмайди. Фақат иш берувчи ҳамда муассаса номи ўзгариши муносабати билан қайта расмийлаштиришдан ўтилади. Демак, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Ҳозирги ўзгаришлар жараёнида янги агентлик ҳамда янги инспекциянинг юридик жиҳатдан қайта ташкил этилишида бирорта мутахассис ва ходимнинг ишдан бўшатилиши кўзда тутилмаган», – деган жавобни берди.

Янги агентликнинг директори Алматов Баҳром Ибрагимович билан бўлган долзарб суҳбатнинг тўлиқ шакли билан видео орқали танишишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг