Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Сенатнинг янги қурилаётган биносини бориб кўрди (фото)

Шавкат Мирзиёев Сенатнинг янги қурилаётган биносини бориб кўрди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 15 январь куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишмоқда.

Қийин синовлар келтирган 2020 йил ортда қолиб, янги йил кириб келди. Бу йил барчага янги умидлар бағишламоқда. Бунга ҳамоҳанг барча соҳаларда, жойларда яхши ўзгаришлар рўй бермоқда.

Хусусан, пойтахтимизда ҳам қурилиш, янгиланиш давом этмоқда. Шаҳар марказидаги Ислом Каримов кўчасида Олий Мажлис Сенати учун янги бино ҳозирланаётганидан кўпчилик хабардор. Лойиҳага кўра, 6 қаватли эски бино тубдан реконструкция қилиниб, қўшимча объектлар қурилмоқда. Бугунги кунда муҳандислик тармоқлари монтаж қилиняпти.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари шу борадаги ишларни кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Шу боис, Сенатда доим иш “қайнайди”. Юқори палатанинг ҳаёти муҳокама ва музокараларга бой. Хорижий делегациялар ҳам кўп ташриф буюради. Парламент назоратининг ўзи катта ва ўта муҳим вазифа.

Янги бинода ана шундай барча жиҳатлар инобатга олиниб, сенаторлар учун энг замонавий шароитлар яратилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисини ўтказиш учун 280 ўринли зал ташкил этилмоқда. У миллий нақшлар билан безатилган, замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлади.

Президент бу ерда қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

- Парламентимиз фаол ишлаяпти. Мажлислар пайтида битта қонун лойиҳаси соатлаб муҳокама қилинади. Шунинг учун иштирокчиларнинг ҳаракатланиши, саломатлиги, ёши билан боғлиқ ҳар бир жиҳатни эътиборга олиш, шунга яраша қулайлик яратиш зарур. Залга қуёш нури тушиб турса, кайфиятга, ишга яхши таъсир қилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Янги бинода делегациялар билан учрашувлар, матбуот анжуманлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ҳам барча шароитлар яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг