Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шифокорларга тажовуз: ҳолат, сабаб, оқибат... Шамсутдинов нима дейди?

Шифокорларга тажовуз: ҳолат, сабаб, оқибат... Шамсутдинов нима дейди?

Фото:«Xabar.uz»

Шифокорларга нисбатан тажовузлар фавқулодда янгилик бўлмай қолди, рости. Бундай ёқимсиз ва оғриқли манзаралар озмунча кузатилмоқдами?! Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, кейинги икки йилда биргина «Тез ёрдам» шифокорларига нисбатан 266 марта зўравонлик ҳолати қайд этилиб, бундан 340 нафар тиббиёт ходими жабр кўрган. Шунга қарамай бор-йўғи 40 та ҳолатда айбдорларга жазо чораси қўлланган, холос. 109 ҳолатда масала ярашув билан тугатилган бўлса, 128 ҳолатда айбдорлар жазоси қолиб кетган?!

Рақамлар хавотирли.

«Xabar.uz» мухбири Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари, адлия маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланиб, тарқатилган маълумотларга изоҳ сўраши баробарида бу борада тизимда амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.

- Нафақат муайян касб эгалари, балки ҳар қандай фуқарога нисбатан тажовуз ёки зўравонликни қонун оқламайди. Шифокорларга нисабатан-ку, инчунин, - дея гап бошлади Ҳаёт Неъматович. - Вазирлик тарқатган маълумотларга келсак, очиғи, бу бизни ҳайрон қолдирди: «128 ҳолатда айбдорлар жазоси қолиб кетгани» - бу анча баҳсли рақам. Айни масалада вазирлик мутасаддиси билан шахсан боғландим. У айтдики, ички ишлар ходимларининг «эрта келинг, индин келинг»ларидан кейин шифокорлар қўл силтаб кетишган, деб... «Қўл силтаб кетиш»дан кўра тегишли тартибда шикоят қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади аслида! Шундагина вазиятга узил-кесил ойдинлик киритилиши мумкин. Албатта, айни маълумот текширилмоқда. Бироқ алоҳида қайд этиш керак, «қўл силташлар» «ёпиқ қозон» шундайлигича қолиб кетишига сабаб бўлса, иккинчидан, бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан нотўғри тасаввур пайдо бўлиши эҳтимолини юзага келтиради. Кўряпсизки, бундан ҳеч кимга фойда йўқ. Ҳар бир мурожаат, айниқса, шифокорларнинг шикояти прокуратура органлари томонидан жиддий кўриб чиқилишига таъкид ортиқча бўлса керак.

Энди «109 ҳолатда масала ярашув билан тугатилгани» ҳақида икки оғиз. Жиноят қонунчилигида ярашув институти жорий қилинганидан кўпчиликнинг хабари бор. Маълум тоифа жиноятларда агар жабрланувчи билан айбдор ўзаро ярашиб олганини билдириб, бу ҳақда тегишли тартибда мурожаат қилса, иш тугатилади. Бунда жабрланувчининг хоҳиши устувор аҳамият касб этади: хоҳласа - даъво қилсин: масала қонун доирасида ниҳоясига етказилади, хоҳласа - кечирсин, бу - унинг ҳуқуқи. Илло, ярашув билан тугатилган ишларни ўзгача талқин қилиш керак эмас.

2019 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 17 та ҳолатда шифокорларга тавожуз қилиш билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган. Шу йилнинг 21 август куни Андижонда содир бўлган воқеа кўпларнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Фуқаро Ф. Азимов Андижон вилояти кўп тармоқли тиббий марказнинг жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлими мудири Б.Шавкатовнинг хонасига кириб, онасини нотўғри даволаганликда айблаб, шифокорни бўғиб, қўлларини боғлаб, ўзи билан олиб келган 1,5 литр бензинни хонасига сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлган... Мазкур ҳолат юзасидан 22 август куни Андижон шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг (ЖК) 112-моддаси 1-қисми, 25,173-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Яқиндагина (31 октябрь) Навойи вилоятида содир бўлган ҳолатни айтинг. Икки кимса - Э.Пўлатов ва К.Ҳикматов - маст ҳолатда Учқудуқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли «Тез ёрдам»ни ёлғондан чақириб, шифокорга нисбатан куракда турмайдиган ҳурмача қилиқлар қилишган?! Иккисиям 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тортилди.

Шифокорларга нисбатан нафақат тан жароҳати етказиш, балки ҳаётига тажовуз қилиш, ҳатто товламачилик қилинган ҳолати ҳам мавжуд.

Масалан, фуқаро Ж. Қувондиқов 2019 йил 29 июнь куни соат 10-30 ларда Жиззах вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази жарроҳлик бўлимига келиб, «эхинокок» ташхиси билан қилинган операцияда вафот этгани укаси учун гўёки «хун талаб қилиб», бўлим мудири Т. Ҳазратқуловга пичоқ билан ташланади. Шифокорнинг кўкрак ва қорин қисмига бир неча марта пичоқ уриб, тан жароҳати етказган вақтида, яхшики, бошқа шифкорлар ажратиб қолади. Жиноий мақсадини охирига етказа олмаган Ж. Қувондиқов воқеа жойидан қочиб кетади. Айни ҳолат бўйича ЖКнинг 25-97-модда 1-қисми (одам ўлдиришга суиъқасд қилиш) жиноят иши қўзғатилган.

Фарғонада шу йилнинг ўзидан уч марта шифокорларга нисбатан турли жиноят содир этилган. Мана, биттаси: бир неча нафар фуқаролар олдиндан тил бириктириб, вилоят она-бола скрининг марказида ишловчи шифокорни ўзларича «бурчакка тақашади». Яъни, шифокорга ноқонуний аборт билан шуғуланиши, бутун мол-мулкини қонунга хилоф равишда топганлиги ҳақида ўзларидан маълумот борлигини айтиб, уларни ошкор қилмаслик эвазига «Ласетти» русумли автомашина талаб қилишади. Уч нафар товламачининг иккитаси ака-ука бўлса, яна бири аёл экан. Улар жиноят устида қўлга олинди.

Юқоридаги мисоллар кўрсатяптики, прокуратура органлари шифокорларга нисбатан қилинаётган зўравонликка нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини таъминламоқда. Шунингдек, воқеликлар хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз ва таҳдидлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш эҳтиёжини келтириб чиқараётгани бор гап. Бу борадаги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Охирги сўзни парламент депутатлари айтишади, албатта. Бироқ қаттиқ чора кўриш билангина вазиятга ечиб топиб бўлмаслиги тажрибалардан аён.

Асосий эътибор тиббий маданиятни шакллаштиришга қаратиш керак. Энг самарали восита шу.

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг