Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғлиқни сақлаш вазири Афғонистон делегациясини қабул қилди

Соғлиқни сақлаш вазири Афғонистон делегациясини қабул қилди

Фото: ССВ

Маълумки, Афғонистон Ислом Республикаси Жамоат саломатлигини сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари ва шифокорларидан иборат делегация юртимизда бўлиб турибди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев Афғонистон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий ва делегация аъзоларини қабул қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Мулоқот давомида таъкидланганидек, 2017 йилнинг декабрь ойида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки давлат ўртасида узоқ муддатли истиқболда ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинганди.

Шунингдек, ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Афғонистон Жамоат саломатлигини сақлаш вазирлиги ўртасида англашув меморандуми ҳам имзоланган эди.

2018 йилда давлатимиз томонидан Афғонистон «тез ёрдам» хизмати учун 5,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги 100 дан ортиқ автомобиллар етказиб берилди. Шу йили Тошкент давлат стоматология институти ва Қобул тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ҳозирда афғонистонлик талабалар Тошкент давлат стоматология ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтларида тахсил олмоқда.

Шунингдек, афғонистонлик шифокорлар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда шошилинч тиббий ёрдам хизмати тизимида малака ошириб келмоқда.

Икки давлат ўртасида фармацевтика тармоғини ривожлантириш соҳасида ҳам қатор ҳамкорлик дастурлари амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2019 йилда ўзбек-афғон ишбилармонлар форуми ва семинари ўтказилди.

Афғонистонда Ўзбекистоннинг фармацевтика ва тиббиёт маҳсулотлари ва тиббий техникасини экспорт қилиш учун ўзбек-афғон савдо уйини очиш борасида ишлар олиб борилмоқда. 2020 йил давомида юртимизнинг фармацевтика тармоғи корхоналари томонидан 2,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар Афғонистонга экспорт қилинган.

Мулоқот давомида Аҳмад Ҳолид Элмий Ўзбекистон коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш, уни даволаш соҳасида катта тажриба тўплагани, ушбу тажрибани ўрганиш ва ўз давлатида татбиқ қилиш афғонистонлик шифокорларнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.

Ўз ўрнида Абдуҳаким Хаджибаев икки давлат ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ривожлантириш ва зарур бўлган амалий кўмакни беришга тайёр эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, делегациянинг юртимизга келишидан мақсад — коронавирус инфекциясининг профилактикаси, тарқалишини олдини олиш, диагностикаси ва даволашнинг Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш, COVID-19ни даволашнинг замонавий ва самарали усулларини қўллаш бўйича амалий кўникмаларини ва малакасини оширишдан иборат. Ўн кун давомида 20 нафар афғонистонлик мутахассисдан иборат делегация улар учун махсус ташкил этилган ўқув машғулотларида иштирок этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг