Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сўкиш яна «тренд»да... Депутат Расул Кушербаев сўнгги воқеаларга муносабат билдирди

Сўкиш яна «тренд»да... Депутат Расул Кушербаев сўнгги воқеаларга муносабат билдирди

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда Президент Администрацияси раҳбари мажлисида бир қатор ҳокимлар ишдан олинди ва жазоланди. Ҳокимларнинг одоб-аҳлоқ меъёрларига зид ҳаракатлари танқид қилиниб, бу давлат хизмати обрўсига путур етказиши таъкидланди.

«Бироқ шу воқеадан кўп ўтмай давлат хизматчиларининг сўкиш билан боғлиқ одобсизликлари яна тармоқларда айлана бошлади», — деб ёзади Расул Кушербаев. — «Анъанани Тошлоқ тумани ҳокими давом эттирди. Туман ҳокими, деб айтилаётган аудиода ҳокимнинг оғзидан чиқаётган гапларга илон пўст ташлайди.

Камига ўз гапида ҳоким ҳудуднинг мутлақ ҳукмдори сифатида ҳар қандай қарорни кенгаш депутатлари тасдиғидан ўтказа олишига ишора қилади.

Демак, Тошлоқ тумани кенгаши депутатлари ҳокимни измидан чиқа олишмайди ёки ҳоким оширворди. Феодализм.

Кейинги ҳолат Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги собиқ ИИБ ходими билан боғлиқ.

Ходим номус чегарасидан ўтиб, бутун ўзбекистонликларни бўралатиб сўкди, оққўрғонлик эркакларни ор-номусини ерга урди.

Икки ҳолатда ҳам давлат хизматчилари ўзларининг маънавиятсиз, давлат ишига номуносиб эканликларини кўрсатишди.

Ушбу ҳолатлар давлат хизматига кадр танлашда жиддий нуқсон борлигини кўрсатмоқда. Яъни кадрнинг маънавий дунёси, ҳулқи ва муомила маданияти қандайлигига қаралмайдиган кўринади.

Инсон қанчалик билимли, уддабурон бўлмасин, маънавияти юксак бўлмаса, иш олиб боришда  зўрлик ва сўкинишга таяниши мумкин экан.

Бундай кадрнинг ҳеч қандай қиймати йўқ ва ундайлар давлат хизматида бўлиши мумкин эмас».

Депутат бунга давлат хизматига кадр танловчи масъуллар принципиал қоида сифатида қарашлари кераклигини қайд этади.

«Акс ҳолда ер юзида ўзбекистонликлар ўзларига хизмат қилувчи амалдорларининг сўкиши остида яшайдиган халқ бўлиб қолаверади», қўшимча қилади у.

Эслатиб ўтамиз, депутатнинг ўзи ҳам яқинда ҳақоратга учраганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг