Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тегма, болам, пиш-ш!

Тегма, болам, пиш-ш!

Фото: «Ncuxolog.ru»

1 июнь — Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни

«Чўмилгани борма, болам, сувнинг деви тортиб кетади», деб кўп тайинларди, энам раҳматли.

Девнинг қанақа бўлишини билмасам ҳам ундан қўрқиб, дарёларга яқин бормадим. Сузишни билмай катта бўлдим.

«Токка яқин борма, ўлдиради», дерди отам раҳматли.

Бир қулоч узуқ симни кўрсам ҳам уни айланиб ўтиб, электр токи қандай пайдо бўлишини тушунмасдан, унинг одамни қандай уриб ўлдиришининг сирини билмасдан катта бўлдим.

«Кечаси ташқарига чиқма, бўри еб кетади».

Бўрига ем бўлишдан тагимни ҳўл қилиб қўйишни афзал билиб, кечалари ташқарига чиқмай катта бўлдим. Бўри мени емай катта бўлдим. Мен бўрини кўрмай катта бўлдим.

«Қоронғуда юрма, бобов уриб кетади!»

Мени «Бобов» урмай катта бўлдим, қоронғудан қўрқиб катта бўлдим.

«Қабристонга борма, ажиналар Ҳамроқулга ўхшатиб, оғзингни қийшайтириб қўяди!»

Ҳамроқулни мулла Сафар бобо кўп ўқиди, қийшайган оғзи тўғриланмай ўлиб кетди.

Менинг оғзим қийшаймай катта бўлдим. Мен қабристонларга яқин йўламай катта бўлдим.

Мен ажиналардан, девлардан қўрқиб катта бўлдим.

«Ҳар хил гапни гапирма! Деворнинг ҳам қулоғи бор!»

Мен девордан қўрқиб катта бўлдим.

Ҳар хил гапни ҳам, бир хил гапни ҳам гапирмай катта бўлдим.

Ҳалиям бир гапни айтар бўлсам, аввал деворларга бир қараб оламан...

«Футбол ўйнама, оёғинг синади, ундан кўра молларни боқ! Шу фойдалироқ!»

Мен фойдалироқ ишни қилиб, мол боқиб катта бўлдим.

Тўп тепишга вақтим бўлмади. Оёғим синмай катта бўлдим.

«Ҳўкизнинг олдидан ўтма, шохлайди!»

«Эшакнинг орқасидан ўтма, тепади!»

Ҳайвонларнинг на олдидан ўтдим, на ортидан.

Мени ҳўкиз сузмай, эшак тепмай катта бўлдим.

«Томга чиқма, йиқилиб, майиб бўласан!»

Томга чиқмай, майиб бўлмай катта бўлдим.

Нарвонга чиқолмайман, юрагимга ваҳима тушади, иккинчи поғонасига оёқ қўйишим билан бошим айланади.

«Телевизорга тегма, бузилади!»

Битта «передохранитель» деган лампочкачаси куйса ҳам телевизорни Мухтор устага олиб борардик. «Шуни ўзларингиз алмаштириб қўйсаларинг бўларди-ку?» деб тўнғилларди у.

Мен телевизорнинг овозини паст ё баланд қилишдан, бошқа ёққа олишдан бошқасини билмай катта бўлдим.

«Дазмолга тегма, пиш-ш!»

«Пиш-ш» бўлиб қолишдан қўрқиб, дазмолга тегмай катта бўлдим. Сими узилиб қолса ҳам Умарқулга олиб чиқаман, улаб беради. Ўзим «пиш-ш» бўлишдан қўрқаман.

Бугун ўзим отаман. Бугун мен боламни ҳимоя қиламан. Ҳар хил балолардан, офатлардан, «Бобов»лардан:

— Чиқма!

— Тегма!

— Пиш-ш!

— Пих-х!

— У-фу! ...

Болам ҳам насиб бўлса, ўзимдай соғ-саломат катта бўлади, жин урмай, ажина чалмай, оёғи синмай, эшак тепмай, бўрига ем бўлмай...

У ёқда эса, электрон жиҳозларнинг минг хилини яратган япон боласи роботлар ясайди, компьютернинг энг янги авлодларини яратади.

У ёқда эса, Кусто бобонинг авлодлари уммонларнинг остини ағдар-тўнтар қилишиб, оламшумул кашфиётлар қилишади.

У ёқда эса, бошқаларнинг болалари йўлбарсларни миниб, оловдан сакраб ўтишади, филларни рақс туширишади.

У ёқда эса, бошқаларнинг болалари осмону фалаклардан парашютда сакраб, қоялардан парашютсиз сакраб, рекордлар ўрнатишади, ўзлари ясаган қанотлар билан парвоз қилиб, қушлардан ҳам ўзишади.

У ёқда эса, бошқаларнинг болалари уйни симсиз ёритадиган, оловсиз иситадиган мосламаларни ихтиро қилишади.

У ёқда эса, бошқаларнинг болалари қаторисига «Олтин тўп» ва «Олтин бутси»ларни олишади.

У ёқда эса, бошқаларнинг болалари «Гиннес»нинг китобини янгилашади.

У ёқда эса, бошқаларнинг болалари биз эплолмайдиган миллион хил ишни қилишади.

Биз эса дунёни лол қиладиган нарсалар ихтиро қилишдан қўрқамиз: «Пиш-ш!» «Пих-х!» «У-фу» ...

Азизлар! Бугун «Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни».

Ана шу кунда барча юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Болаларимизни ўзимиздан ҳимоя қилайлик!

Болаларимизни ўзимизнинг чексиз таъқиқлашларимиздан ҳимоя қилайлик!

Болаларимизни «Чиқма!» «Тегма!» «Пиш-ш!» «Пих-х!» «У-фу» ... лардан ҳимоя қилайлик!

Майли, улар «Пиш-ш» бўлсин, «Пих-х» бўлсин, «У-фу» бўлсин, аммо ҳамма нарсани қилиб кўрсин!

Бизнинг болаларимиз деворларга аланг-жаланг қарамай гапирадиган бўлиб катта бўлсин!

Бизнинг болаларимиз ҳам нарсалар, ҳодисаларнинг моҳиятини англаб катта бўлсин!

Бизнинг болаларимиз ҳам улуғ ишлар қилсин! Буюк кашфиётлар қилсин!

Бизнинг болаларимиз ҳам Месси, Зиданлардек тўп уришни ҳам қойил қилсин!

Биз ҳам болаларимизнинг оламшумул муваффақиятларидан фахрланайлик!

Мустақил Ўзбекистонимизга ҳур фикрли, илмли, шижоатли фарзандлар керак!

Фарзандларимиз ана шундай фарзанд бўлишига имкон берайлик!

Акс ҳолда ўзимизга «Пих!»

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг