Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тўрт нафар туман бош имоми ишдан олинди, бир нафарига интизомий чора кўрилди

Тўрт нафар туман бош имоми ишдан олинди, бир нафарига интизомий чора кўрилди

Фото: Muslim.uz

Бугун, 21 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари раислигида республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Muslim.uz хабар берди.

Жуда кескин ва танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Фото: Muslim.uz

Ўз вазифасига виждонан ёндашмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондиришда жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва имомлик мақомига муносиб бўлмаган 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига «ҳайфсан» интизомий жазоси берилган. Жумладан:

  • Сурхондарё вилояти Термиз тумани бош имоми Яҳё Очилов;
  • Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани бош имоми Мамаюсуф Маматқулов;
  • Андижон вилояти Шаҳрихон тумани бош имоми Иззатуллоҳ Турғунов;
  • Тошкент шаҳар Сергели тумани бош имоми Эшмурод Ахбутаев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.

Шунингдек, Фарғона вилояти Сўх тумани бош имоми Воҳиджон Камоловга интизомий чора кўрилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу йилнинг 8 ойи давомида иш фаолиятдаги хато-камчиликларга йўл қўйгани сабабли 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиби ва 2 нафар вилоят муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 19 нафар имом-хатиб ва имом ноибига «ҳайфсан» интизомий чораси берилгани алоҳида таъкидланди.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари томонларидан йиғилишда имом-хатиблар иш фаолиятини такомиллаштириш, дин ғами билан яшаш, мўмин-мусулмонлар дарду эҳтиёжларини қондириш,  билим савияларини доимий ошириш ва ҳар жабҳада пешволик мақомига чин ихлос ила муносиб бўлиш юзасидан Ислом дини манбаларида келтирилган тавсияларни баён этдилар. Шунингдек, ташаббускор, ғайратли, фаол ва жонкуяр имом-хатибларни рағбатлантириш режалари ва имтиёзлар бериш ҳақида маълум қилдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг