Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хат!

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хат!

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Фото: «Xabar.uz»

Ҳурматли Жаҳонгир Обидович!

Дунёдаги 200 дан ортиқ давлат қаторида Ўзбекистон ҳам ўз давлат рамзларига эга. 1992 йилнинг 2 мартидан бери Ўзбекистон байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳи олдида ҳилпираб турибди. Байроғимиз халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугина эмас, хориждаги элчихоналаримиз, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди. Қаерда бўлсак ҳам байроғимиз тимсолида Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ич-ичимиздан ҳис қиламиз.

Бугун давлат ва халқ ўртасидаги ришталар кундан-кун тобланиб, боғланиб бораётган бир пайтда ватанимиз байроғи ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқиб, уларни белини маҳкам боғлашга, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақираётгани айни ҳақиқат.

Ҳар бир инсоннинг шуурига ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий тимсоллардан бири бўлган байроқни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бугун ислоҳотлар шиддатига мос равишда қадимий Тошкент тез кунда янги ва замонавий қиёфасига эга бўлиш арафасида турибди. Айнан шу фурсатда «Миллий тикланиш» демократик партияси ёшлари азим Тошкент шаҳрининг қоқ марказида ёшларни ватанпарварликка ундовчи, халқимизнинг ғурурини акс эттирувчи, барча фуқароларимизни бирлаштирувчи иншоот сифатида Давлат байроғи майдонини яратиш таклифини билдиради.

Негаки, бугунги кунда дунёнинг қатор давлатларида 100 метрдан баланд бўлган флагштокларга эга бўлган давлат байроғи майдонлари яратилган. Масалан, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 170 метрлик, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида 165 метрлик, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида 162 метрлик флагштоклар ўрнатилган. Шу билан биргаликда АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония каби ривожланган мамлакатларда давлат ва жамоат идоралари ёнидаги майдонларда давлат байроқлари устунларга ўрнатилган.

Биз ҳам сиздан азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Давлат байроғи майдонини яратиш ва унга улкан флагштокни ўрнатиш ҳамда Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган 18 ноябрь кунини ватанпарварлик маросими сифатида ана шу майдонда нишонлаш таклифини кўриб чиқишингизни ҳамда қўллаб-қувватлашингизни сўраймиз.

Ҳурмат ва эҳтиром ила

Ҳамдам Ниёзов,
«Миллий тикланиш» демократик партияси
Марказий кенгашининг ёшлар масалалари
бўйича бўлим мудири

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг