Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Халқ таълими вазирлиги Самарқанддаги мактабга махсус ишчи гуруҳ юборди

Халқ таълими вазирлиги Самарқанддаги мактабга махсус ишчи гуруҳ юборди

Фото: «Gazeta.uz»

Халқ таълими вазирлиги Самарқанддаги 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатидаги ҳолат бўйича чуқур ташвишда эканини билдириб, зудлик билан ўрганиб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликда вазирликнинг махсус ишчи гуруҳини юборди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб-интернат оғир хулқ-атворга эга, узоқ муддат ҳисобда турган, Ўзбекистон Республикаси Қонунларига кўра ҳуқуқбузарлик содир этган, бироқ жиноий жавобгарликка тортиш ёшига етмаган 11−16 ёшдаги вояга етмаган болалар жойлаштириладиган ягона муассаса ҳисобланади.

Шунингдек, бу ерга индивидуал профилактик ишлар олиб борилганига қарамасдан, ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий ҳаракатларни содир этишда давом этувчи болалар ҳам келтирилади. Бугунги кунда мактаб-интернатда жами 109 нафар ўқувчи, 44 нафар ўқитувчи ва 34 нафар техник ходим мавжуд.

Халқ таълими вазирлигининг махсус ишчи гуруҳи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан биргаликда суриштирув ишларини олиб боришади ва ўрганиш натижаларига кўра ҳуқуқбузарликка алоқадор барча шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка қарши эканлигини билдиради ҳамда жамоатчилик (ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар ва бошқалар)ни зўравонлик ҳолатларини аниқлашда ҳушёр бўлишга ҳамда ҳуқуқбузарлик аниқланганда зудлик билан Халқ таълими вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришга чақиради. Ушбу ҳодиса натижалари тергов якунига етгач эълон қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг