Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хотин-қизлар мақомини ошириш бўйича муҳим тадбир

Хотин-қизлар мақомини ошириш бўйича муҳим тадбир

2019 йил 26 сентябрь куни Тошкентда “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш” мавзусида давра суҳбати ўз ишини бошлади. Тадбир икки кун давом этади.

Форум Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида сенаторлар, депутатлар, вазирликлар ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сўзга чиққанлар қайд этганидек, ижтимоий тенгликка эришиш мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён бўлиб, бу мамлакатнинг ижтимоий тараққиёт даражасига, иқтисодий имкониятларига, мафкуравий дастурларига, маданий-маънавий салоҳиятига боғлиқ. Хотин-қизларни ҳаёт ва фаолиятнинг турли соҳаларига жалб қилиш имкониятларини яратиш, бу йўналишда ҳозирги иқтисодий шарт-шароитга мос келадиган, хотин-қизларнинг ижтимоий мақомини оширишга қаратилган узоқ муддатли давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш долзарб вазифа ҳисобланади. Мамлакатимизда буни рўёбга чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Ва бу тасодиф эмас, чунки Ўзбекистонда хотин-қизлар жамиятнинг кўп сонли қатламини ташкил этади, ўзига хос руҳий ва демографик хусусиятларга, турли функцияларга ва муайян ижтимоий мақомга эга. Хотин-қизларнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш, хотин-қизлар ўз мақсадларини тўлиқ рўёбга чиқариши учун имкониятлар тақдим этиш мамлакатнинг жадал иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ўсишига ҳамда ривожланишига кўмаклашади.

Бу нуқтаи назардан тадбир иштирокчилари хотин-қизларнинг ижтимоий мақомига ва жинслар тенглиги масаласига эътибор қаратди. Бугун мамлакатимизда бу йўналишда, энг аввало, жамиятнинг барча аъзолари учун тенг имкониятлар яратишнинг қонунчилик базасини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича иш олиб борилаётгани қайд этилди. Жумладан, яқинда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг мақомини, ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя қилиш кафолатларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйди ҳамда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликдан ҳуқуқий ҳимояни таъминлаб берди. Тадбир давомида мазкур қонунларнинг асосий қоидалари, моҳияти ва аҳамияти батафсил кўриб чиқилди.

Шунингдек, давра суҳбатида оила бузилишининг олдини олиш, жамиятда оила мақомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Шу муносабат билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги амалий иш тажрибаси батафсил кўриб чиқилди ва таҳлил қилинди.

Тегишли кўникма ва қобилиятга эга фаол хотин-қизларни раҳбар лавозимларига тайёрлаш, ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Хотин-қизларга нисбатан жиноят кўрсаткичларини камайтириш чораларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан фуқаролар орасида профилактика ва тушунтириш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Имкониятлари чекланган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳақида сўз борганда бундай тоифадаги аёллар билан ишлашда психологик ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш муҳим эканлиги қайд этилди. Бунда улар учун ижтимоий шарт-шароитни яхшилаш ва улар бандлигини таъминлаш имкониятлари батафсил муҳокама этилди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда бўлажак сайловда хотин-қизлар иштирокини фаоллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Давра суҳбати хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва тегишли тавсия ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун самарали майдон вазифасини бажарди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг