Замон сарҳадларига сиғмаган Парфёнов
Бизнинг аждодлар илгари замонлардан Зараутда яшашган. 45 йиллик умрини шу ерда ўтказган отам уста Раҳмонберди ўтган асрнинг 30-йилларида Зараутни энг сўнг тарк этганлардан бири бўлди. Қаерда бўлмасин, Зараут ҳақида гап кетар экан, у ўзгача руҳ олар ва бир-биридан қизиқ ҳикоят-ривоятларни завқ-шавқ ила айтиб берарди: Зараутсойнинг тилларанг дўнгликларида сайр этувчи зар кокилли парилар, Бобурхон (отам тасвирида Мовурхон) тилсимлаб кетган қирқ хачирга юкланган бойлик, мазкур хазина тилсимини очолмай, қуруқ қўл билан қайтиб кетган ҳиндий, хазинани ҳақиқий соҳиби учун авлоддан-авлодга сақлаган зараутликлар...
Орадан кўп йиллар ўтганда тушундимки, Зараутсойда илгаридан тош қизил суратларининг мавжудлиги одамлар хаёлини ўғирлаб тилсимланган хазина ҳақидаги афсоналар тўқилишига олиб келган.
Ибтидоий аждодлар мезолит (ўрта тош), неолит (янги тош) ва бронза даврларида – бир неча ўн мингйилликлар мобайнида – Зараутсой тасвирларини яратганлар, ушбу ғаройиб масканга одамлар ташрифи ҳақидаги кейинги бир неча юз йилликларнинг хабарлари ҳам бугун бизнинг ихтиёримизда. X–XIII асрларга оид араб ёзувлари, XV асрда ҳазрат Алишер Навоий шу ерлардан ўтиб, ўз таассуротларини «Сабъаи сайёр» достонида акс эттиргани, XVI асрга оид Мирзо Бобур Зараутсойда қолдирган излар, 1912 йилда ҳарбий топограф Фёдоров Зарауткамар суратларидан нусхалар олгани ва бошқалар...
Аммо, Зараутсойнинг илмий ўрганила бошлангани ва унинг дунёга машҳур бўлиши ҳақли равишда Гавриил Васильевич Парфёновнинг номи билан боғланади.
Парфёнов биринчи бўлиб Зараутсой рангтасвирининг бебаҳо эканини аниқлади, илмий жамоатчилик эътиборини унга қаратди, ўрганилиши, муҳофазаси ва сақлаб қолиниши учун зарур ишларни амалга оширди. Ўша пайт мутахассис олимларнинг умумий фикрига кўра: «Бу Ўрта Осиёда энг қадимий қизил қоя расмларининг биринчи бор топилиши эди».
Парфёновнинг ташаббуси ва ташкилотчилиги билан Зараутсойга 1940, 1943 ва 1945 йилларда экспедиция уюштирилди ва у жаҳонда машҳур бўлди. Мазкур қоя суратлари бугунги кунда ҳам мамлакатимизнинг энг қадимий тарих ва санъат ёдгорлиги ҳисобланиб турибди. У маънавиятимизнинг илк бешиги, фан учун табиий-тарихий манба, ижодкорларга илҳом чашмаси, ёш авлодларга таълим-тарбия ўчоғи...
Парфёнов 1944 йили вилоят ўлкашунослик музейида махсус Зараутсой залини жиҳозлади, вилоят ижроия қўмитасининг қарори билан Зараутсой комплекс қўриқхонаси ташкил этилишига эришди, 1946 йил 8 июлда Зараутсой Давлат комплекс қўриқхонаси чегараларини тасдиқлаш тўғрисида Шеробод райони ижроия қўмитасининг қарорини чиқартирди...
Афсус, Г.В.Парфёновнинг «Зараутсой қоя рангтасвири» деб номланган асосий илмий иши нашр этилмай қолди.
Хуллас, Зараутсой Парфёновнинг асосий хизмати бўлган эди.
Шу билан бирга, Парфёнов ўтган асрнинг 30–50 йилларида юртимиз моддий маданият ёдгорликларини ўрганиш, уларни сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш, Сурхондарё вилоят ўлкашунослик музейи ва ҳайвонот боғини ташкил этиш, халқимиз, айниқса ёш авлодни ўтмиш меросига муҳаббат руҳида тарбиялаш ва бошқа шу каби ишларда матонат, фидойилик, керак бўлса жасорат кўрсатиб, илм-фан, маданиятни ривожлантириш йўлида беминнат, беғараз хизмат қилиб, заҳмат чекиб фаолият юритган инсондир. Шунингдек, бу инсон ташаббуси билан тузилган Шерободдарё комплекс археологик экспедицияси Бойсун тоғларида 25 та ғор ва камар (шуларнинг ичида Тешиктош ва Амир Темур ғорлари ҳам бор эди) топди, Кўҳитангда 7 та ғорни аниқлади. Зараутсой улардан бири. Унинг куч-ғайрати билан вилоят музейи қошида бой илмий кутубхона ташкил топди. Жасоратли ва фидойи инсоннинг қатъийлиги туфайли вилоят ҳудудидаги кўпгина ёдгорликлар бузиб юборилишдан сақлаб қолинди. Масалан, Султон Саодат меъморий мажмуаси Парфёнов бўлмаганида йўқ бўлиб кетиши шубҳасиз эди.
Гавриил Васильевич Парфёнов ягона табиат, тарих, маданият ва санъат комплекс ёдгорлиги сифатида қараган Зараутсой ва унинг ён-атрофидаги ҳудуд ўша пайтларданоқ инсоннинг ёвузларча аралашувидан озор чекарди. Масалан, Кўҳитанг тоғларида браконьерларнинг ёввойи бурама шохли эчки ва архарлар ҳамда жайронларга қирон келтирувчи ҳаракатларига тегишли идораларнинг эътиборини жалб этди, жалб этдигина эмас, балки бонг урди. У матбуотда сувни тежаш, ерларни бузилишдан сақлаш масалаларида кўплаб чиқишлар қилган...
Парфёнов вилоятимизда оммавий-ўлкашунослик ҳаракатини авж олдирди. Унинг энг яқин ёрдамчилари мактаб ўқувчилари эди. Тўгараклардан бирининг ишини шахсан Парфёнов олиб борарди. Термиз шаҳридаги ана шундай тўгарак аъзоларидан бири жаҳонга таниқли рассом бўлиб етишди. Бу Рўзи Чориев эди ва унинг ижодкор рассом сифатидаги биринчи қадами Парфёнов бошчилигида чиқиб боришган Зараутсой суратларини чизишдан бошланганди.
Фамилияси қадимда ўгган давлат Парфияга келишиб кетиши, турган-туриши ғайриоддий инсоннинг беқиёс ишларини афсонадек ҳайратомуз эшитиб, улуғдан улуғ сарҳадларга ёндашган каби англаб, шундай одамлар ҳам бўлиб ўтганини ажиб бир туғёнлар аро сезиб юрганмиз. Аммо минг эшитгандан кўра бир кўрган афзал, дейдилар. Шу маънода «Зараутсой тилсимлари» китоби учун материал йиғиб кутубхона, музей фондлари, эски даврий нашрлар тахламларини варақлаганда, Парфёнов номига шунчалар кўп дуч келдимки, бундай хизматларни бажо этишга ҳар ким ҳам қодир эмаслигини англаганман.
Парфёновнинг ҳаёти ҳазрати инсон ҳар қандай шароит, ҳар қандай ҳолатда ҳам маънавий камолот йўлида чарчамаслигини англатувчи ўрнак-намуна бўлиб туюлади менинг назаримда.
Ушбу сатрлар муаллифи анча вақтлардан бери Зараутсой бўйича изланишлар олиб бораман, мавзуга оид ўнлаб мақолалар ёздим, махсус китоб чиқардим, тарих ва санъат ёдгорлигини тарғиб этиш, муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган «Зараутсой» жамоатчилик марказини бошқаряпман, ЎЗбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат Фондининг Зараутсойга оид давлат грантини амалга оширган одам ўз тажрибамда бунга иймон келтираман.
Юртимиз маданияти ва маънавияти учун энг бебаҳо хизматлар қилган, оламшумул кашфиётларнинг бошида турган, осори атиқаларимизнинг қўриқчиси бўлган, Султон Саодатдек муқаддас зиёратгоҳни сақлаб қолган, замон сарҳадларига сиғмаган орзулар соҳиби Гавриил Васильевич Парфёновнинг таржимаи ҳолини тузукроқ билмадик, у ҳақдаги маълумотларни узоқ йиллар изладик.
Тошкентлик ёзувчи Юрий Флигиннинг қўлимизга тушган китоби орқали Гавриил Васильевич Парфёнов 1897 йил 23 март куни Россиянинг Смоленск шаҳрида туғилгани, гимназияда ўқигани, армияда хизмат қилгани, 1927 йилдан Смоленск ўлкашунослик музейида ишлагани, ёшлик орзусини амалга ошириб, 1930 йилда Самарқандга ва кейин эса Сурхондарёга келганини билдик. Сурхондарёдагина унинг чин тадқиқотчилик ва ташкилотчилик қобилиятлари очилади, педагогик маҳорати намоён бўлади, фақат шу ердаги хизматлари учун Г.В.Парфёновга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» фахрий унвони берилади, «Шавкатли меҳнати учун» медали билан ҳам мукофотланади.
Парфёнов 1967 йили оғир хасталикдан сўнг вафот этади.
Гавриил Васильевич Парфёновдек инсоннинг хотираси биз учун таъзим бажо келтиришга арзигуликдир.
Абдулла Холмирзаев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter