Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ бош инфекционисти Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси самарадорлигига шубҳа билдирди

АҚШ бош инфекционисти Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси самарадорлигига шубҳа билдирди

Фото: «Google Images»

АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи «National Geographic» нашрига берган интервьюсида Россия томонидан коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинанинг хавфсиз ва самарали эканига шубҳа билдирди.

Таниқли мутахассисга кўра, Қўшма Штатлар келгуси ҳафтадаёқ COVID-19га қарши бир неча вакцинани тақдим этиши мумкин. Аммо инсонлар саломатлигига зарар етказиб қўймаслик учун илмий изланиш ҳамда тадқиқотлар тўлақонли ўтказилишига эътибор қаратилмоқда.

«Россияликлар вакцина хавфсиз ва самарали эканига тўлақонли ишонч ҳосил қилди деган умиддаман. Аммо бунга жиддий шубҳам бор», — деган АҚШ Аллергик ҳамда юқумли касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи.

Президент Владимир Путин кеча, 11 август куни дунёда илк бор Россияда коронавирусга қарши вакцина расман рўйхатга олинганини эълон қилди. Кремль етакчиси «Спутник V» деб аталган вакцинанинг мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиши ва самарадорлигига ишонч билдирди.  

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкога кўра, вакцина ҳосил қилган иммунитет икки йилга қадар сақланиб қолади. Н.Ф.Гамалея номидаги илмий-тақдиқот институти ҳамда «Биннофарм» компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган янги вакцина 2021 йил 1 январдан кенг истеъмолга чиқарилиши маълум қилинган. 

Аввалроқ АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар ҳам «Спутник V» вакцинасига ишончсизлик билдирган эди. Қўшма Штатлар вазирига кўра, Россия масъул идоралари халқаро илмий жамоатчиликка вакцина синовининг биринчи ва иккинчи босқичи ҳақида маълумот тақдим этмади; учинчи босқич — клиник синовлар якунига етказилмасдан тиббий восита расман рўйхатга олинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам маълумотлар етарли бўлмагани важидан Россия вакцинасини қўллашга тавсия берганича йўқ.

ЖССТга кўра, Россия ваколатли идоралари «Спутник V» вакцинаси борасида барча зарур маълумотлари тақдим этиши лозим. Халқаро ташкилот барча жиҳатларни тадқиқ-тафтиш этганидан кейингина тавсия бериши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг