Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коронавируснинг «мақсади» аниқ бўлди

Коронавируснинг «мақсади» аниқ бўлди

Фото: «РИА»

SARS-CoV-2 коронавирусининг «мақсади» — эндемик бўлиш, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассиси, профессор Дэвид Хейманн. Унинг сўзларини «Guardian» нашри келтирган.

«Афтидан, COVID-19 ҳам одамнинг бошқа тўртта коронавируси сингари эндемик бўлиб қолади. У одам ҳужайраларида кўпаяркан мутациясини давом эттиради, бу ҳол, айниқса, жадал тарқалаётган жойларда кучлироқ намоён бўлади», — деди мутахассис.

Хейманнинг таъкидлашича, одамзод жон сақлаб қолиш воситаларига эга. Аҳолининг яхши саломатлиги билан бирга улар одамларга ушбу вирус билан қандай яшаш кераклигини ўрганишга имкон беради.

ЖССТ вакили Марк Райаннинг ҳам COVID-19 эндемик бўлишига ишончи комил.

«Эҳтимолий сценарий шуки, вирус яна бир эндемик касалликка айланиб, ўзига хос хавф-хатарга айланади. Фақат самарали глобал эмлаш дастури доирасида унинг таҳдиди камаяди», — деди эксперт.

Райаннинг таъкидлашича, вакцинанинг мавжудлиги, ҳатто, у ниҳоятда самарали бўлган тақдирда ҳам, юқумли касалликка барҳам бериш ёки бартараф этишга кафолат бермайди. Уни енгиб ўтиш жуда мушкул.

Мутахассис кейинги пандемия ҳозиргидан кўра жиддийроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Биз тобора мураккаблашиб бораётган дунёда яшаяпмиз. Таҳдидлар сақланиб қолади. Ушбу пандемиядан, барча фожиа ва йўқотишлардан ўрганишимиз керак бўлгани бу биргаликда ҳаракат қилишдир. Биз ҳар куни қилаётган ишларимизни такомиллаштириб, йўқотганларнинг хотирасини ҳурмат билан ёд этишимиз керак», — дея сўзини якунлади у.

Декабрь ойи ўрталарида Буюк Британияда аниқланган SARS-CoV-2 коронавирусининг янги мутацияси маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, вируснинг янги варианти одатдагидан 70% кўпроқ юқумли бўлса-да, ўлим ёки шифохонага ётқизиш нуқтаи назаридан хавфлироқ эканлиги тўғрисида ишончли маълумотлар йўқ.

ЖССТ маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан буён дунё бўйича 81 миллиондан ортиқ кишида COVID-19 инфекцияси қайд этилди. 1,7 миллиондан ортиқ одам инфекция қурбонига айланди.

Эндемик инфекциялар — қўзғатувчилари маълум бир ҳудудда доимо бўладиган касалликлар. Эндемик касалликларга субтропик Африкадаги безгак ёки Ҳиндистондаги вабо киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг