Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркияда коронавирусга чалинганлар сони ошмоқда. Қардош мамлакат вабони енга оладими?

Туркияда коронавирусга чалинганлар сони ошмоқда. Қардош мамлакат вабони енга оладими?

Фото: Туркия Президенти ҳузуридаги Матбуот ва коммуникация бошқармаси

Расмий Анқара коронавирус офатини енгишга қодир, деб ҳисоблайди Туркия президенти ҳузуридаги Матбуот ва коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун.

Профессор Ф.Алтун СOVID-19 пандемиясига қарши курашга бағишланган видеоконференцияда Туркияда амалга оширилаётган ишлар, умуман, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ҳолати хусусида маълумот берди.

Қайд этилишича, сўнгги 18 йил мобайнида Туркияда шифолар сони 1156 нафардан 1518 нафарга кўпайган бўлса, келгусида карантин учун фойдаланиш мумкин бўлган бир кишилик хоналар сони 18934 тадан 91949 тага етди. Шунингдек, реанимация бўлимидаги ётоқлар сони 33 баробарга ортди: 2214 тадан 65455 тага кўпайди.

Мамлакатда тиббиёт ходимлари сонини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда. 2002 йилдан бери соҳага киритилган сармоя натижасида врачлар сони 91949 нафардан 161279 нафарга, ҳамширалар сони 72393 нафардан 198517 нафарга оширилди. Умуман олганда, 2002 йилда умумий тиббиёт ходимларининг сони 294587 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда улар сафи 1 миллион нафаргача кенгайди.

Ф.Алтуннинг маълум қилишича, коронавирус эпидемияси пайдо бўлган илк онларданоқ Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тезкор марказ ташкил этилди. Жараённи соҳа мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда шахсан мамлакат президенти назорат қилмоқда.

Ривожланган технологияларга эга Туркия ўпканинг сунъий вентиляция аппаратини ўзи ишлаб чиқаради. Мамлакатда ушбу жиҳоз етишмовчилиги йўқ. Шу боис ҳам Туркияда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони кўп бўлса-да, ўлим ҳолати бошқа давлатларга нисбатан анча кам.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон тиббиёт ниқобларини сотишни тақиқлади. Соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирликлари 20-65 ёшгача бўлган фуқароларга ниқобни бепул тарқатмоқда.

Туркия гарчи ўзи пандемия билан жиддий курашаётган бўлса-да, Шимолий Кипр турк республикаси, Хитой, Испания, Италия, Венгрия каби 30 дан ортиқ мамлакатга инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Профессор Фахриддин Алтунга кўра, тарихда жуда кўплаб оғир синовларни мардонавор енгиб ўтган Туркия халқи бир тану бир жон бўлиб, кўринмас душман – коронавирус офатидан ҳам эсон-омон чиқади.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар 42282 нафар, ундан соғайганлар сони эса 2142 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакат бўйича 908 та ўлим ҳолати қайд этилган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг