Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уханнинг 11 миллион аҳолиси коронавирусга тест топширади

Уханнинг 11 миллион аҳолиси коронавирусга тест топширади

Фото: «Dreamstime»

Хитойнинг Ухань шаҳрида яшовчи аҳолидан 10 кун ичида коронавирусни аниқлаш учун тест олинади. Касалликдан бутунлай фориғ бўлган шаҳарда яна коронавирус қайд этила бошлаганидан сўнг шу қарорга келинди.

Уханда 4 апрел куни охирги марта коронавирус қайд этилганди, бир ойдан кўп вақт ўтиб, 9 май куни бир инсонда коронавирус топилди, яна 16 нафар симптомсиз ташувчи аниқланди — барча ҳолатлар маҳаллий, яъни вирус четдан олиб келинмаган. Кейинги куни симптомсиз ташувчиларнинг беш нафарига коронавирус ташхиси қўйилди. Шаҳарнинг Дунсиху туманида эпидемиологик хавф паст даража (яшил)дан ўрта даража (сариқ)га кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, бутун дунёга коронавирус тарқаган ушбу шаҳар эпидемия сабабли 76 кун ташқи дунёдан узиб қўйилганди. Уханда эпидемия даврида 50 339 та юқтириш ҳолати аниқланиб, 3 869 таси ўлим билан тугади. Касаллик чекинганидан сўнг, 8 апрель куни карантин бекор қилиниб, шаҳардан чиқиш ва киришга рухсат берилганди.

Шаҳарга эпидемия қайтаётганидан хавотирга тушган Хитой ҳукумати Ухань шаҳрида яшовчи барча инсонларни қайта тестдан ўтказмоқчи. Шаҳарда 11 миллион киши яшайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг