Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарори билан бир қатор газета-журналлар обунаси яхшиланади

Президент қарори билан бир қатор газета-журналлар обунаси яхшиланади

Фото: «Fikr.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Унга кўра, бир ой муддатда Уюшма муассислигида нашр этиладиган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи» – «Звезда Востока», «Жаҳон адабиёти», «Ёшлик», «Амударё» журналлари таҳририятларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланади.

Бунда ушбу нашрларни қоғоз билан таъминлаш, босмахона харажатларини қоплаш ва уларнинг обунасига кўмаклашиш учун «Ижод» жамоат фондига қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилмоқда.

Мамлакатимиздаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, хўжалик бирлашмалари, компаниялар ва банклар билан маданият ва санъат ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган «Дўстлар клублари» фаолиятининг ижобий самара бераётганини инобатга олган ҳолда:

— «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва «АKFA» МЧЖ;

— «Шарқ юлдузи» – «Звезда Востока» журналлари ва «IMZO» МЧЖ;

— «Жаҳон адабиёти» журнали ва «Delta-Qurmah» МЧЖ;

— «Ёшлик» журнали ва «Universal Paсking Masters» МЧЖ;

— «Амударё» журнали ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖ ўртасида «Дўстлар клублари» тузилиб, шартнома асосида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳудудларда ташкил этилган Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган ижод мактабларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилади. Бунда Ёзувчилар уюшмаси ўқув дастурларини илмий ва ижодий жиҳатдан шакллантирилиб, мазкур мактабларга иқтидорли ўқувчиларни танланади ва кўзга кўринган ёзувчи ва шоирлар томонидан ижодий семинарлар олиб борилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фаолиятини кучайтириш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий йўналишдаги билим юртлари, хусусан, «Темурбеклар мактаблари»да тизимли равишда маънавий-маърифий ишлар ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг