Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода «Солнце на вкус» фильмининг суратга олиш ишлари бошланди

Бухорода «Солнце на вкус» фильмининг суратга олиш ишлари бошланди

Бугун Бухоро шаҳри Минораи Калон ансамблида «Солнце на вкус» («Қуёш лаззати») копродукция фильмининг съёмка жараёнлари бошланди.

Съёмка майдонига Ўзбекистон кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Россиянинг «Спутник Восток Продакшн» кинокомпанияси вакиллари, киноижодкорлар, журналистлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ташриф буюришди. Фирдавс Абдухолиқов Россиянинг илғор кинокомпанияси билан агентлик ўртасида шартнома имзолангани ҳақида сўзлади. Шунингдек, киногуруҳ билан учрашиб, ижодий жараёнлар борасида суҳбатлашди. Фильмнинг тасвирга олиш жараёнлари ОАВ вакиллари томонидан ёритилиб, лойиҳа ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, «Спутник Восток Продакшн» кинокомпанияси директори, кинопродюсер Александр Кессель агентлик билан ҳамкорликда ишлаётганидан мамнун эканлиги, барча ижодий жараёнлар қизиқарли тарзда кечаётганини таъкидлаб ўтди.

Мазкур кинокартина хаёлий элементларга ва саргузаштларга бой бўлган фильм бўлиб, қўшма продюсерлик форматидаги биринчи ўзбек лойиҳаларидан биридир. Шу боис Кинематография агентлиги Бош директори ҳамкорликда суратга олинаётган ушбу лойиҳанинг муваффақияти Ўзбекистоннинг ҳам ютуғи эканлигини таъкидлаб, фильмнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, маълум қилди.

Бундан ташқари, мазкур съёмка жараёнларига Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг 10 нафар талаба-ёшлари ҳам бириктирилган бўлиб, улар ушбу ко-продукция лойиҳаси орқали ўз тажрибаларини оширишлари мумкин бўлади.

Постановкачи режиссёр Эльдар Салаватов, рассом Юрий Фоменко, продюсерлар Эдуард ва Кристина Горбенко, режиссёр Танья Суляева. Фильмда россиялик актёрлар билан бирга ўзбек актёрлари ҳам роль ижро қилмоқда. Жумладан, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Аброр Бакиров, Зулфия Раимқулова, Роналдо Ласпинес, Мурод Сайфуллаев, Содиқ Муродов, Али Чориев, Бернар Назармуҳаммедов, Улуғбек Шаметов ва бошқалар.

Суратга олиш ишлари Москва, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда бўлиб ўтади. Премьера эса 2021 йилнинг кузида ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон кинематография агентлиги фильм прокатидан ўз улушига эга ва Ўзбекистонда намойиш этиш бўйича барча ҳуқуқлардан фойдаланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг