Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Данияда ўзбекистонлик фоторассомнинг кўргазмаси очилди

Данияда ўзбекистонлик фоторассомнинг кўргазмаси очилди

Даниянинг Арҳус шаҳрида «Ўзбекистон – Буюк ипак йўли маржони» номли фотокўргазма очилди. Унда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Ҳусниддин Атонинг 60 дан зиёд муаллифлик ишлари намойиш этилмоқда.

Фотосуратларда мамлакатимизнинг Буюк ипак йўлида муҳим ўрин тутган қадимий шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд ва Хива тарихий обидалари, миллий анъана, қадрият ва таомлар, ҳунармандчилик намуналари акс эттирилган. Мазкур маданий лойиҳа «Ўзбек ташаббуслари» уюшмаси ҳамда «Dokk1» марказий кутубхонаcи ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Арҳус шаҳридаги кутубхона Европанинг йирик халқ кутубхоналаридан бири бўлиб, бу ерда ижтимоий, маданий-илмий тадбирлар ҳам ўтказилади. 27 мартга қадар давом этадиган фотокўргазмага ҳам юзлаб европаликлар келиши кутилмоқда.

«Ўзбек ташаббуслари» Арҳус шаҳрида 2019 йилда кўнгилли уюшма сифатида ташкил этилган бўлиб, кам сонли ўзбек оилаларини бирлаштириб, турли лойиҳалар орқали Ўзбекистонни таништириб келмоқда. Шунингдек, уюшма ўзбек тилида машғулотлар ташкиллаштирмоқда. Янги фотокўргазмадан кўзланган мақсад ҳам Ўзбекистонни кенг миқёсда танитиш ва мамлакатимизга кўпроқ сайёҳларни жалб этишдан иборатдир.

Эслатиб ўтамиз, санъат соҳасидаги халқаро эксперт ва фоторассом Ҳусниддин Ато мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган ижодий танловларда совриндор бўлган, шахсий кўргазмаларини ўтказган. Унинг шахсий фотокўргазмалари бунга қадар Испания, Бельгия, Латвия, Эрон, Япония каби мамлакатларда ташкил этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг