Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга Франция делегацияси ташриф буюрди

Ўзбекистонга Франция делегацияси ташриф буюрди

Фото: «Uza.uz»

Франция ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вазир-делегати Франк Риестер бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи Самарқанддан бошланди.

Меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафоев кутиб олди.

Франция делегацияси Самарқанд билан танишувни Регистон мажмуасидан бошлади. Меҳмонларга бу ердаги Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг бунёд этилиш тарихи, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мажмуада миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва рассомлик асарлари кўргазмаси намойиш этилди.

Франк Риестер бошчилигидаги делегация Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий обидалар билан танишиб, бу ёдгорликлар ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди.

«Ўзбекистонга бу галги ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад икки давлат Президентларининг ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хайриҳоҳликлари боис иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган, – деди Франция ташқи  савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вазир-делегати Франк Риестер. – Шу боис делегациямиз таркибида Франциядаги 30 дан ортиқ йирик компания ва фирмалар вакиллари келган. Ўйлайманки, бу имкониятдан икки давлат тадбиркорлари ҳам самарали фойдаланади. Самарқанд шаҳри ҳақида кўп эшитганман, лекин илк бор бу шаҳарга келиб, жуда катта таассурот олдим. Франциянинг собиқ маданият вазири сифатида айтишим мумкинки, Самарқанд жуда бой маданий меросга эга экан».

9-11 май кунларига мўлжалланган ташриф дастуридан пойтахтимизда Ўзбекистон ва Франция Республикалари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш, бир қатор вазирлик ва идоралар, парламент раҳбарлари билан учрашувлар, шунингдек, ўзбек-француз бизнес форумини ўтказиш кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг