Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саида Мирзиёева: «Анча бюджет маблағи совурилибди», деган гаплар ҳам бўлди

Саида Мирзиёева: «Анча бюджет маблағи совурилибди», деган гаплар ҳам бўлди

Худо хоҳласа, бугун, 14 февраль куни соат 20:30 да «Миллий» телеканалида узоқ кутилган «Мендирман Жалолиддин» сериалимизнинг премьераси бўлади, деб ёзади Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида.

Сериал эфирга узатилмасданоқ одамларда катта қизиқиш уйғотди ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу — табиий. Тўлақонли кино кўринишидаги тарихий сериал олиш амалиёти бизда деярли йўлга қўйилмаган. Демак, бу — биз учун янгилик. Янги ҳаво эса ҳар қандай жамиятни доим тўлқинлантиради.

Сериалимиз кимгадир ёқиши, кимгадир маъқул келмаслиги ҳам табиий ҳолат. Биз премьерадан сўнг фикрлар турли-туман бўлишга тайёрмиз. Одамлар ўз мулоҳазасини эркин билдириши жамиятнинг очиқлиги белгисидир.

Масалан, энг кўп савол фильмда нега бош ролга турк актёри таклиф этилгани ҳақида бўлди. Асосий мақсад сериал орқали актёрларни танитиш эмас, балки таниқли актёрлар орқали жаҳонга миллатимиз қаҳрамонларини намоён қилишдир.

Сериал тўқима образлар ва воқеалар билан бойитилди. Сериалларнинг асосий мақсади — томошабинларда тарихий қаҳрамонларга, тарихий воқеаларга қизиқиш уйғотиш. Одамлар ўзимизнинг бой тарихимизга қизиқиб, уни ўрганишлари — сериалнинг энг катта мақсади. Сериал, ҳужжатли фильмлардан шуниси билан фарқ қилади.

«Анча бюджет маблағи совурилибди», деган гаплар ҳам бўлди. Aммо бу таъна асоссиз. Сериал тўлиқ ҳомийлар кўмагида ишланди. Бунинг учун бош ҳомий «Orient Finans Bank»га миннатдорлик билдирамиз.

Азизлар, бугун «Мендирман Жалолиддин» фильми ижодкорлари ва бу лойиҳани қўллаб-қувватлаган барча учун узоқ кутилган байрам! Келинг, маза қилиб сериални томоша қилайлик. Сериалимиз сизга ёқади, деган умиддамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг