Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2019 йилнинг беш ойида тез тиббий ёрдамга 4 млн.дан ортиқ мурожаат бўлган

2019 йилнинг беш ойида тез тиббий ёрдамга 4 млн.дан ортиқ мурожаат бўлган

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган  матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда айтилишича, тез тиббий ёрдам хизматининг махсус санитар автотранспорт парки қарийб 1500  та янги автомашиналарни ҳарид қилиш эвазига батамом янгиланиб, уларнинг умумий сони 2400 га етказилди. Натижада тизимнинг махсус автотранспортга бўлган талаби мамлакатимиз тарихида биринчи марта тўлиқ ҳажмда қопланди. Янги ҳарид қилинган 231 та замонавий реанимобил 4,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Кейинги босқичда яна 1200 та тез тиббий ёрдам машинасини тўлиқ ва 712 та автомобилни қўшимча жиҳозлаш режалаштирилган.

Тез тиббий ёрдам хизматини автотранспорт билан тўлиқ таъминланиши бригадаларнинг чақириқларга кечикиши ҳолатларини кескин камайтирди. Кечикиш ҳолатларини янада камайтириш мақсадида мавжуд 2400 дан ортиқ бригададан 1513 таси  узоқ ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларига яқинлаштирилди. Тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш жараёнини марказлаштириш натижасида бир чақириқнинг дори воситалари бўйича қийматини ҳар йили камида икки баробар ошириб боришга эришилди ва жорий йилда ушбу кўрсаткич  5800 сўмни ташкил қилмоқда.

Анжуманда таъкидланишича, Шошилинч тиббий ёрдам тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма ҳисобланади. Биргина ўтган йилда ушбу тизим муассасаларига жами 13 миллиондан зиёд беморлар мурожаат қилган бўлиб, шулардан 9,8 миллион нафарга яқини  «103» хизмати бўйича ва 3,3 миллионга яқини стационар тузилмаларга мурожаат қилишган. 2019 йилнинг ўтган беш ойи мобайнида эса умумий мурожаатлар сони 4 миллионда зиёдни ташкил этиб, 1,2 миллиондан ортиқ беморга стационар муассасаларда ёрдам кўрсатилган.  

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг филиаллари ва субфилиалларида йилига 300 мингдан ортиқ беморга стационар шароитда мураккаб хирургик амалиётлар ўтказилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг