Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2030 йилга бориб сув тақчиллиги Ўзбекистонда икки баробардан ошиб кетади

2030 йилга бориб сув тақчиллиги Ўзбекистонда икки баробардан ошиб кетади

Бугунги кунга келиб сув ресурсларининг камайиши ва ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар глобал хавфлар қаторидан жой олиб улгурди.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ҳарорат 20 даражага ортганда музликлар ҳажми 50 фоизга, 40 даражага исиганда эса 78 фоизга камаяди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 млрд куб метрдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб 7 млрд куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 млрд куб метрни ташкил қилиши мумкин.

Таҳлиллар иқлим ўзгариши Ўзбекистонда сув тақчиллигини янада кескинлаштиришини, 2000, 2008, 2011, 2014 ва 2018 йиллардаги каби қурғоқчиликнинг давомийлиги ва даврийлиги кўпайишига олиб келишини ҳамда иқтисодиётнинг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондиришда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатмоқда. Кейинги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти 3 048 куб метрдан 1 589 куб метрга қисқарди.

Шу билан биргаликда, республикада аҳоли сони йилига ўртача 650-700 минг нафарга ошиб, 2030 йилга бориб 39 млн нафарга етиши, уларнинг сифатли сувга бўлган талаби 2,3 млрд куб метрдан 2,7-3,0 млрд куб метрга (18-20 фоиз) етиши кутилмоқда. Бу эса коммунал соҳани йилдан йилга сувга бўлган талабини ортишига олиб келади.

Сўнгги йилларда саноат ва энергетика соҳалари фаол ривожланиб, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бормоқда. Ҳисоб-китобларга кўра бу соҳаларнинг йиллик умумий сув истеъмоли 1,9 млрд куб метрдан 2030 йилга бориб 3,5 млрд куб метрга (1,8 баробар) етади.

Марказий Осиёдаги бешта республика ўртасида сув тақсимлаш схемаларига мувофиқ Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича Ўзбекистоннинг лимити 100 фоизли лимитда йилига 63,02 км кубни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик сув сарфи юқорилигича қолмоқда.

Оролбўйидаги вазият Марказий Осиё минтақасининг энг кескин экологик муаммоларидан бири ҳисобланади.

Айни вақтда Ўзбекистонда мавсумий қурғоқчилик кучайиши тенденцияси кузатилмоқда. Бу эса Орол денгизининг қуриш жараёни минтақадаги иқлим шароитига салбий таъсир кўрсатаётганидан далолат беради. Орол фалокати ёз фаслида қурғоқчилик ва жазирама иссиқни кучайтириб ҳамда совуқ ва қаҳратон қиш фаслини узайтириб, иқлимнинг континенталлигини чуқурлаштирди.

Бугунги кунда Орол сув ҳавзасининг қолдиқ сув баланси Амударё ва Сирдарё сувларининг оқиб келиши чекланганлиги, айрим йилларда эса йўқлиги оқибатида номутаносиб ҳолатга келиб қолган бўлиб, натижада денгиз сатҳи пасайиши, унинг юза қисми майдони қисқариши ва унда эриган элементлар концентрацияси ошиб бориши давом этмоқда.

Оролнинг қуриб қолган тубидан кучли шамоллар заҳарли моддалар билан тўйинган тузлар ва чанг-тўзонни ҳавога кўтариши аҳоли соғлигига жиддий хавф солмоқда, сурункали қон касалликларини, нафас олиш йўллари, буйрак, ошқозон-ичак тракти, юрак-томир тизими, шунингдек, ўт пуфакда тош пайдо бўлиши, онкология ва бошқа касалликларни келтириб чиқармоқда.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, республиканинг сув оқими асосан II ва III тоифаларга мансуб тоза ва ўртача ифлосланган сувлар тоифасига киради.

Ифлослантирувчи моддаларнинг сув объектларига ташланиши ортиб бораётганлиги очиқ сув оқимларининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда ва бунинг оқибатида сув флора ва фаунасига ўнглаб бўлмас зарар етказилмоқда, шунингдек, аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатмоқда.

Манба: 2023 – 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида барқарор турмуш тарзини тарғиб қилиш Миллий дастури лойиҳаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг