Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода яшаш хонадонида ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланганлар аниқланди

Бухорода яшаш хонадонида ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланганлар аниқланди

Бухоро вилояти Пешкў тумани «Куёвхўжа» қишлоғидаги хонадонлардан бирида салкам 20 нафар фуқарога ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланиб келаётганлар аниқланди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 31 январь куни  ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Пешкў туманидаги «Куёвхўжа»  қишлоғида ноқонуний диний таълим бериб келаётган шахсларни аниқлаш бўйича тадбир олиб борилган. Мазкур тадбирни амалга ошириш учун ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси, вилоят ИИБ ва Пешкў тумани ИИБ ходимларидан иборат 2 та тезкор гуруҳ шакллантирилган.

Тезкор гуруҳлар томонидан олиб борилган ҳаракатлар давомида маҳалладаги яшаш хонадонлардан  бирида бир нечта шахслар томонидан ҳужралар ташкил қилиниб, бирида эркакларга ва бирида аёлларга алоҳида-алоҳида ноқонуний диний таълим бериб келинаётган ҳолатлари аниқланган.

Билдирилишича, тумандаги «Куёвхўжа» қишлоғида яшовчи 36 ёшли фуқаро Ш.С. ҳамда асли Бухоро шаҳри фуқароси бўлган 33 ёшли Б.Ҳ.лар ҳужраларда сабоқ олаётган эркаклар, аёллар ва вояга етмаган мактаб ўқувчиларига «Мисвох» деб номланувчи араб тили курси баҳонасида тегишли рухсатномасиз диний таълим бериш билан шуғулланиб келишаётган бўлган. Ўрганувларга кўра, ҳар икки фуқаро ҳам «Мир Араб» мадрасасини тамомлаган.

Тадбир давомида ушбу ҳужрада 17 нафар (шундан 8 нафари эркаклар, 9 нафари вояга етмаган мактаб ўқувчилари) фуқаролар борлиги, дарс жараёнларида «Қуръон» китобидан сабоқ бериб келинаётгани очиқланган.

Бундан ташқари, тезкор гуруҳ вакиллари томонидан олиб борилган сайъ-ҳаракатлар давомида айнан шу қишлоқнинг бошқа бир манзилида яшаб келаётган аёл виртуал тармоқ орқали диний таълимга асосланган сабоқлар олиб бораётгани аниқланган. «Жўйборикалон» мадрасасини тамомлаган М.Т. исмли 30 ёшли бу аёл  Телеграм мессенжерида «Муслималар» номли гуруҳ ташкил қилган. Гуруҳга аъзо бўлган 29 та профил эгасига виртуал диний таълим бериб келган.

Тезкор гуруҳ томонидан М.Т.нинг хатти-ҳаракатлари ўрганилганда, унинг асосий шериклари ҳам борлиги аниқланган. Маълумотга кўра, 25 ёшли Ш.Ф. ҳамда 38 ёшли С.И.лар фуқаро М.Т. билан доимий боғланувда бўлишган. Аёлларнинг Телеграм мессенджерида «Содиқ Самарқандий»нинг тақиқланган видеолавҳалари борлиги маълум бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тузилган тезкор гуруҳ аъзолари томонидан ўтказилган фаол тадбирда аниқланган ҳолатлар фуқароларга ноқонуний диний таълим бериб келаётган барча шахслар иштирокида баёнлаштирилган ҳамда уларнинг қўл телефонлари вақтинча сақловга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Пешкў туман ИИБ биносида суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг