Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иш берувчиларга ҳомиладор ва 3 ёшгача боласи бор аёлларни ишдан бўшатиш ҳуқуқи бериляпти

Иш берувчиларга ҳомиладор ва 3 ёшгача боласи бор аёлларни ишдан бўшатиш ҳуқуқи бериляпти

Амалдаги Меҳнат кодексида иш берувчининг манфаатларини чеклайдиган, иш берувчини иложсиз ҳолатга солиб қўядиган баъзи нормалар мавжудки, шулардан бири ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслигидир (Меҳнат кодекси 237-моддаси).

Ушбу нормага кўра ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

Шунингдек, Меҳнат кодекси 238-моддасига кўра, аёлларга оналик билан боғлиқ ҳолда бериладиган кафолатлар ва имтиёзлар (тунги ишларга ва иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишни ва хизмат сафарларига юборишни чеклаш, шунингдек қўшимча таътиллар бериш, имтиёзли иш режимларини ўрнатиш ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган бошқа кафолатлар ва имтиёзлар), онасиз болаларни (она вафот этган, оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, узоқ вақт даволаш муассасаларида бўлган ва болалари тўғрисида она сифатида ғамхўрлик қилмаган бошқа ҳолларда) тарбиялаётган оталарга, шунингдек вояга етмаган болаларнинг васийларига (ҳомийларига) ҳам татбиқ этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган кафолатлар ва имтиёзлар, шунингдек ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни амалда тарбия қилаётган бувига, бувага ёки бошқа қариндошларга ҳам берилади.

Масалан, 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор ёлғиз ота ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиб келмоқда ёки ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузди. Бу вазиятда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиб бўлмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно. Чунки Меҳнат кодекси 238-моддасига кўра, бу ҳолатда ёлғиз отага ҳам 237-моддадаги кафолатлар татбиқ қилинади.

Бу нормалар бозор иқтисодиёти шароитида кўплаб иш берувчиларга тушов бўлмоқда. Амалиётда қонунчилик томонидан берилган ушбу кафолатларни айрим ходимлар томонидан суиистеъмол қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Яъни меҳнат интизомига риоя қилмаслик, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажармаслик. Ходимнинг нолойиқлиги ва ишни уддалай олмаётганлигини исботловчи аниқ фактлар мавжуд бўлса ҳам, иш берувчилар малакаси ва меҳнат унумдорлиги ўта паст ёки интизомсиз бўлган бундай тоифа ходимлар билан ишлашга мажбур бўлишмоқда. Бу эса ташкилотга иқтисодий жиҳатдан ҳам қимматга тушмоқда.

Бундай вазиятларда иш берувчи фақатгина юқоридаги ходимларга қуйидаги интизомий жазолардан биринигина қўллай олиши мумкин:

  • ҳайфсан;
  • ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
  • ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган ҳолатдагина ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.

Иш берувчининг ушбу тоифа ходимлар билан меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор ҳам қилиши:

  • суд томонидан меҳнат шартномаси қонунни очиқ-ойдин бузган ҳолда бекор қилинган деб топилиши, ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиш;
  • Жиноят кодекси 148-моддаси (Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш) 2-қисмига кўра БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишига асос бўлиши мумкин.

Янги Меҳнат кодекси (2023 йил 30 апрелдан кучга киради) 409-моддасига кўра, 3 ёшгача боласи бор аёл ёхуд 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга фақат ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 1- (ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги), 4- (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги) ҳамда 5-бандлари (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги)да назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда уларнинг бола парваришлаш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Боласи уч ёшга тўлгунига қадар бола парваришлаш таътилида бўлган ходим билан меҳнат шартномасини ходимнинг малакаси етарли эмаслиги оқибатида эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига лойиқ эмаслиги муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги) мувофиқ бекор қилишга ходим таътилдан чиққан кундан эътиборан бир йил ичида йўл қўйилмайди.

Демак, 2023-йилнинг 30-апрелидан бошлаб 3 ёшгача боласи бор аёл ёхуд 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузса меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш мумкин бўлади.

Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ,

Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг