Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Узун қўл» ва «калта қўл» йўловчилар (жиддий ҳикоя)

«Узун  қўл» ва «калта  қўл» йўловчилар (жиддий ҳикоя)

Фото:«Kommersant.uz»

Автобусда одам кам эди. Сув босган кўчаларни бирма-бир ортда қолдириб кетаётган бу улов, гоҳ тезликни оширар, гоҳида тошбақа мисол имиллаб ҳаракатланарди.

Салонда ўтирган икки йигит диққатни тортади. Бирининг қўли танасига нисбатан узун, жуда башанг кийинганди. Иккинчисининг эса қўли калтароқ, кийими оддий, одми, оҳори тўкилган эди. Иккисининг ҳам ёнида юки бор.

− Қаёққа? – савол берди узун қўл.

− Четга ишлагани, – жавоб қилди калта қўл, – сизчи?

− Мен ҳам! – бош ирғади узун қўл. – Нима мақсадда кетяпсиз? Масалан мен, олий ўқув юртида ўқиш учун. Ўзимизда ўхшамади. Киролмадим. Кейин қарасам, пули борларга «шанс» бор экан, шартта дадамга қўнғироқ қилиб, «контракт»га пул талаб қилдим. Қарабсизки, талаба бўлиб турибманда!

− Қойил, − деди калта қўл, − мен ҳам роса тайёрланиб тўрт йил топширдим, лекин киролмадим. Ҳар йили ўқишга киролмай, мардикорликка жўнайман. Бу йил ҳам ишлаб, пул топиш учун кетяпман!

− Қаерда яшайсиз? Масалан мен шаҳарда туғилганман! – деди узун қўл.

− Қишлоқданман, − жавоб қилди калта қўл.

− Қишлоқда қанақа билмадим-у, шаҳарда сира тинчлик йўқ. Ҳар куни бақир-чақир, шовқин-сурон! Кечалари «сталба»даги чироқлар кўзимга тушиб, уйқум қочиб кетади! Уйимиз жуда иссиқ! Газнинг ҳидидан кўнглим айнийди! Интернетнинг ҳам тезлиги паст! – нолиб қолди узун қўл.

− Гапирманг, − маъқуллади калта қўл. Гарчи шеригининг нималар деганини яхши тушунмаган бўлса ҳам. – Қишлоқда бундан баттар! Эрталабдан чироқ ўчади, газнинг ҳидини унутиб ҳам юборганмиз! Уй совуқ, зах! Сув қидириб, бир чақирим ерга бориб келамиз! Ҳатто, телефонда гаплашиш учун ҳам имкон йўқ...

− Зўр-ку! – деди узун қўл ҳаваси келиб. − Яна бизда машина кўп, ҳаммаёқ «пробка»! Қайга қарама дўкон, салон, «мойка», қассобхона, ўқув маркази! Ойига биттадан кўприк қурилади...

− Бу яхши-ку! – деди калта қўл ҳаваси келиб. – Бизда эса аксинча: қишлоқда биронта ҳам дўкон, салон, ўқув маркази, сартарошхона, ошхона, бало-баттар йўқ! Хатто машина тополмай, марказга ҳам боролмаймиз! Марказ билан боғлайдиган битта-ю битта кўприк ҳам бузилиб, шалоғи чиқиб ётибди! Йўлни узоқ қилиб, зовурни айланиб ўтамиз!  

− Мактаб пайтимиз жуда қизиқ бўлганда, − гап бошлади узун қўл, − ўзларича бизни театргами, киногами олиб бормоқчи бўлишарди! Биз эса дарсдан қочиб, клубга, интернет кафеларига борардик!

− Бизда эса умуман дарс ўтилмаган, − минғирлади калта қўл, − устозимизни қаёққадир олиб чиқиб кетишарди. Биз эса далада пахта терардик!

− Қайтиб келгач нима қилмоқчисиз? – яна савол берди узун қўл. – Масалан мен, шаҳардаги энг зўр фирмага ишга кираман! Кейин ўз устимда ишлаб, шахсий ишимни бошлайман. Чет-элларга бориб, малака ошираман. Сўнг, «бақувват» бир оила қизига уйланиб, дабдабали тўй қиламан! Белгиланган жарима биз учун нима деган гап? Шартта тўлайманда, билганимни қилавераман...

− Мен эса, − гап бошлади калта қўл, − агар ўша ерда ўлиб кетмасам, ишлаб уйга пул юбораман! Томи йўқ уйни кўтариш, касал онамни даволатиш, сингилларимни узатиш, қарзларимни тўлаш ва рўзғорни тўлдириш учун ҳам шунга мажбурман! Тўй масаласига келсак, ҳамма қатори бўлади! Агар келин талаб қилса «куёв салом» ҳам бўлаверади...

 − Мана, манзилга ҳам келиб қолибмиз-ку?! Сиз ҳам «аэропорт»да тушасизми? – савол берди узун қўл.

− Йўқ, «вокзал»да тушаман, − жавоб қилди калта қўл.

− Ундай бўлса, мен кетдим! Сиз билан танишганимдан хурсандман! Агар йўлингиз тушса, биз томонларга бир келинг, хўпми? – қўл чўзди узун қўл.

− Афсуски йўлим тушмайди, − жавоб қилди калта қўл, − «прописка» деган балодан қўрқаман! Майли, яхши боринг!

− Сиз ҳам ўз юртингизга эсон-омон қайтиб келинг! – хайрлашди узун қўл ва автобусдан тушиб қолди.

Улар хайрлашгач, икковининг юрагида шу савол қолди: «Бу йигит ўзи қайси давлатдан?»

Улар бу саволнинг жавобини тополмай, роса ўйланишди. Аммо ҳақиқат шундаки: иккови ҳам бир юртнинг фарзандлари эди...

Шерзод Ҳайдарбеков

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг