Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

«Пайтавасига қурт тушганлар» ва «пайтаваси йўқлар» ҳақида…

«Пайтавасига қурт тушганлар» ва «пайтаваси йўқлар» ҳақида…

Фото: RBC

Глобал иқтисодий инқирозлар яқинлашмоқда; қарздорлик ошмоқда; нефт бозори касодга учраяпти; ҳамма жонини сақлаб қолиш билан овора. Дунёнинг тақдири қил устида-ю биз «Дунё инқирози» ҳақида мақола ёзмоқчи бўлиб ўтирибмиз…

Эҳтимол, ёзиш керакдир, қўлдан келганча, нима дейсиз? «Сийқаси чиққан вирус» мавзусини ҳозирча тинч қўйсак-да, сал чалғисак, «дунё театри»да қайта тақсимланаётган роллар-у, келиша олмаётган «актёрлар», «пайтавасига қурт тушганлар» ва «пайтаваси йўқлар» ҳақида гаплашсак.

Балки ўхшатишлар, қўштирноқларни кўп ишлатсак, бизни маъзур тутинг. Карантинда одам зерикди. Демак, бошладик.

I

Бугунгача ҳамма қурол-яроғ тўплаш, янгисини ихтиро қилиш, кимўзарга реклама қилиш билан овора бир пайтда қаердандир «ҳаммасига дам берадигани» чиқиб қолди. Бу ҳақида ортиқча гапириш керакмас, шундайликча ҳам қулоғингиз ўрганиб қолди.

«Коронавирус»…

Чегара билмас бу вируснинг одамлари КЎЎЎЎЎП Хитойда пайдо бўлиши-ю қолганларнинг бундан кўпроқ озор чекиши жуда ажабланарли. «Мол ҳам эгасини сузмайди» деганларидек вирус ҳам ўзи пайдо бўлган жойнинг «тузлиғига тупурмай» бошқаларнинг додини беряпти. Ҳа, албатта, чинликлар ҳам зарар кўрди, бироқ бунинг ортида эришилган нарсанинг олдида бу ҳеч нима эмас.

Дастлаб ҳамма Хитойда медиа соҳаси қаттиқ назорат остида, «касал ўтиб кетгачгина» дунёга хабар берган деган хулосада эди. Хитойнинг бу ишини қоралаб аксилкоммунистик ОАВлар бонг уришди: «Хитой нега шунча вақт вирус тарқалаётганидан дунёни огоҳлантирмади», «Хитой вирус тарқалишининг олдини ола оладими?», «Энди Хитойнинг тақдири нима бўлади?»...

Хуллас, Хитой энди нима қилиши, келажакда қандай қилиб иқтисодий қудратини тиклаб олиши ҳаммани қизиқтириб қўйганди. Бироқ эртагимиз буткул бошқача бўлиб кетди. Худди Қизил қалпоқча бўрини еб қўйгандек ёки биз Бўғирсоқ тулкини алдаб кетгандек. Тахмин қилганларимиз кутганимиздек давом этмаса ғалати бўларкан. Ёнган ким-у, куйган ким бўлиб қолди, бу ёғи…

Эсимни таниб, биологик уруш кўрмаганман-у (кўрмайин ҳам), бўлса бир биологик уруш шунча бўлар.

Хитой бу урушдан муваффақиятли ўтиб олди, десак ҳам бўлаверади. Ахир нечтаси «корона-ош»ига калла ташлаб турган бир вақтда «ўзи пиширган ошдан бир-икки қошиқ» еди, холос... Бу иммунитетга боғлиқ эмас, ишонаверинг. Акс ҳолда Италияда 16 мингга яқин, Испанияда 12 мингдан ортиқ одам ўлиб кетмаган бўларди.

Хитой барчага у билан биологик уруш қилиш бефойда эканлигини кўрсатиб қўйди. Хитойга тинимсиз санкциялар қўллайдиган, иқтисод ва сиёсатда энг ашаддий рақиб саналадиган Қўшма Штатларнинг ҳоли тангдек. «Олов қаерда ёнди-ю, куйганлар қаерда» дегинг келади. Гапнинг индаллоси, Хитой рақибларидан қайси жиҳатдан фарқ қилишини кўрсатиб берди. Хуллас, «сценарийчи»нинг юриғидан юрилмади. Сценарий энди йўқ. Саҳна эса давом этиши шарт.

II

Сиёсатда тахмин қилувчилар ҳам, тахминлар ҳам кўп, бироқ ҳаммасиям ўзини оқлаганмас. Мана масалан, Хитойдаги вирус тарқалишини АҚШдан гумон қилгувчилар топилди. Унча-бунча эмас, нақ айбдор қилиб АҚШ ҳарбийларига кўндаланг қўйилган эди-ку. Гумонанинг қисқача мазмуни қуйидагича эди: Хитойда коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган. Ушбу иддао даставвал Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянъ томонидан илгари сурилганлиги эса ундан ҳам қизиқ бўлиб чиқди. Аввалига бу фикрга қўшилувчилар сероб эса-да, вақт ўтгани сари айблов ўз кучини йўқотмоқда.

Айни дамда АҚШдаги ҳолат яхши эмас. Касалланганлар бўйича дунёда пешқадам, вафот этганлар эса 6 апрелга келиб 9620 нафарни ташкил этди. Фақат аҳмоқларгина ўзлари ўтирган шохни арралайдилар — Қўшма Штатларни бунақалар тоифасига қўшмаган бўлардик.

Мусибат ҳатто душманларни ҳам бирлаштиради. Улар-ку душман эмас эди, шундай бўлса ҳам, улар «битта қозонда ҳеч қачон қайнаган» эмас. АҚШ ва Россия. Расмий Кремлнинг хабар беришича, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия лидери Владимир Путин 30 март куни телефон орқали суҳбат қуришган. Гапнинг лўндаси, глобал инқироз хавфи икки мамлакатнинг ҳам «пайтавасига қурт» оралатган. Яхшигина даромад манбаи бўлган нефт саноатининг инқирози энг камида шундай натижа бериши ҳам керак эди, аслида. Оқ уйда ўтказилган COVID-19 брифингида президенти Доналд Трамп кўплаб хорижий давлатлар коронавирус пандемиясига қарши АҚШга ёрдам юбораётганини айтди. У Хитой ва Россиядан (ёрдам сотиб олинганми ёки инсонпарварлик кўмаги шаклидами — аниқмас) ёрдам келганини таъкидлаб ўтган. 

«Ўйлайманки, охир-оқибат янада кучлироқ бўламиз. Биз кўп нарсани ўргандик. Айтишим лозимки, кўп давлатлар билан муносабатларимиз жуда яхши. Хитой бизга баъзи бир нарсаларни жўнатди. Россия ҳам бизга тиббиёт буюмлари тўлдирилган катта самолёт билан ёрдам олиб келди. Бу ёқимли, албатта», — деди Трамп Оқ уйда коронавирус бўйича матбуот анжуманидаги нутқида.

Трампнинг баёноти чалкашликларни келтириб чиқарди, чунки аввалига ёрдамнинг келганлигини аллақачон айтиши керак эди. Иккинчидан, бу совғами ёки йўқ, бу ҳам сўроқ бўлиб қолди. АҚШ давлат департаменти бу ёрдам сотиб олинди деса, Кремль бу маълумотни тасдиқлаб, аммо ёрдам Путиннинг ташаббуси билан харажатлар қопланганини иддао қилди. Нима бўлса ҳам, икки мамлакат бир-бирини қўллашга тушди. Бунга зарурият бор. Нефт бозорининг инқирози икки мамлакатга ҳам қимматга тушади. Ахир «пайтавадаги қуртларни тезда қоқиб ташламаса, оёқсиз қолиш мумкин».

Пандемиядан кейинги ҳаёт ҳақида ҳамма ўзича фикр юритди. Баъзилар инсониятни «пандемиягача бўлган инсоният цивилизацияси» ва «пандемиядан кейинги инсоният цивилизацияси»га бўлди. Ҳар нима бўлганда ҳам, бугун бу икки глобал лидерлар ҳар қачонгидан ҳам бир-бири билан иноқ бўлишга муҳтожроқ. Пандемиядан сўнг давомини кўрамиз.

III

Америка-ку майли, шундайликча ҳам катта йўқотишларга учраган (Брексит масаласи назарда тутиляпти) Европа иттифоқи ҳали бунақа кунларга тушмагани аниқ. «The Economist Intelligence Unit» маълумотларига кўра, коронавирус пандемияси глобал ялпи ички маҳсулот ўсишини бу йил +2,3 фоиздан -2,2 фоизгача пасайтиради.

G20 мамлакатларининг 2020 йилдаги ЯИМ ўсиш суръати коронавирус пандемияси сабабли қайта баҳоланмоқда. Турган гапки, «катта йигирмалик»да Евроиттифоқ аъзолари ҳам бор. Бу йил энг кескин пасайиш Италия (-7 фоиз) ва Германия (-6,8 фоиз)да кутилмоқда. Илгари ҳам бу иккала мамлакатда секин ўсиш прогноз қилинган эди — фалокат келса, қўш келаркан-да.

Ажабланарлиси, ўсиш фақат Ҳиндистон (+2,1 фоиз), Хитой ва Индонезия (ҳар бири +1 фоиздан)дагина қайд этиларкан. 

Европа иттифоқи коронавируснинг биринчи имтиҳонидаёқ қоқилди — бошига кулфат тушган Италияга шундай жавоб қайтарилди: «Сизнинг алоқаларингиз — бу сизнинг ишингиз». Алам қилмайдими?

Европа иттифоқи раҳбарлари коронавирус келтириб чиқарган инқироздан иқтисодиётни қандай қутқариш борасида келишувга эриша олишмаяпти.

«Улар ҳеч нарса қилмаяпти» деган «туҳмат»дан йироқман, албатта. ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари иқтисодий тикланиш режаларини муҳокама қилиш учун видеоконференция ўтказишди. Буни эътироф этиш керак, шубҳасиз. Бироқ, келишмовчилик туфайли йиғилиш икки ҳафтага қолдирилган. Инглиз нашрлари эса буни дақиқа ўтмай овоза қилишди. Ахир яқиндагина ЕИдан британлар «қуён» бўлишганди-ку.

Ҳеч ким жим ўтирмайди, бу вақт ичида. Ахир бу «маслаҳат оши» (видеоконференция назарда тутиляпти) ҳозирликсиз бошлангандида. Икки ҳафта вақт ичида мамлакатлар молия вазирликлари режа тузиши керак бўлади. Виртуал саммит давомида Италия бош вазири Жузеппе Конте глобал инқироздан қутулиб қолиш бўйича тайёрланган дастлабки лойиҳани маъқулламаган ва уни кенг кўламли инқирозга қарши курашда самарасиз деб танқид қилган эди. «Тоғ бўлмаса, қир ҳам тиргак» дейишади, аслида. Бундан яхшироқ лойиҳа ҳали йўқ, бори эса қаноатлантирмаяпти...

Тўрт соатлик йиғилиш якунида Европа кенгаши президенти Шарль Мишель журналистларга Европа иттифоқи тўғри қарор қабул қилишга ҳаракат қилишини ва кейинги йиғилиш 19 нафар молия вазирлари билан давом этишини айтган. Кейинги йиғилишда бир нима ўйлаб топишар, бироқ «пайтавадаги қуртлар» (глобал инқироз) тобора яқин келмоқда.

Молиявий ёрдам сифатида эса умумий қарз воситасидан фойдаланиш кўзда тутилгани маълум қилинган. Бироқ катта талафотларни қоплаш учун Жаҳон банки ва Европа банки маблағ ажрата оладими?

«Мазкур конференция нега муҳим эди?» деган савол туғилиши мумкин. Биласизми, бирор ташкилот тузилганда аъзо бўлгучилар қоп-қоп ваъдалар оғушида киради. Бу ерда ҳам шундай. ЕИ блоги ўз бирдамлигини намойиш этиши керак эди. Айни йиғилишни шунинг учун ҳам аксил ЕИчилар диққат билан кузатган бўлсалар, ажабмас.

Нидерландия ва Германия корона облигациялари концепциясига қаттиқ қаршилик кўрсатганидан ғазабланган Италия раҳбари Жузеппе Конте раҳбарларнинг якуний баёнотини қўллаб-қувватламаслигини айтиб, видеоконференциядаги баҳсни кучайтириб юборди. Ким кўпроқ зарар кўрса, ўша кўпроқ шовқин солади. Энг катта зарар Италияда, энг катта шовқин ҳам.

«Биз инновацион молиявий воситалар билан муносабатда бўлишимиз керак»,деди Конте ўз ҳамкасбларига. Конте Брюсселдаги мутассадиларга «тегишли ечим» билан қайтиб келишини сўраб ултиматум эълон қилди.

Испания бош вазири Педро Санчес Италияни қўллаб-қувватлашга астойдил ҳаракат қилгани ҳақида «Politico» нашри ёзди. Икки лотин мамлакатининг дарди бир. Испанлар ҳам бу вирусдан кам зарар кўраётгани йўқ.

«Агар биз ҳозир ушбу иқтисодий инқирозга бирлашган, кучли ва самарали жавобни таклиф қилмасак, нафақат таъсир кучаяди, балки унинг таъсири узоқ давом этади ва биз бутун Европа лойиҳасини хавф остига қўямиз», — деди Санчес — 2008 йилдаги молиявий инқироз Европа лойиҳасига норозилик ва бўлиниш уруғини сепган ва популизмнинг кучайишига олиб келган эди. Энди бу хатоларни такрорламаслик керак. Биз бундан сабоқ олишимиз керак эди».

ЕИ раҳбарияти қўшма баёнотни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилди. Охир-оқибат, Брюссель бюрократи фақат юқори лавозимли амалдорлар тушуна оладиган бир қатор «найранглар» амалга оширилажаклигини маълум қилиб қўйди. Ҳар қалай ҳозирча «сих ҳам, кабоб ҳам» куйиб кетмади.

IV

«Юпқа йиғин (тўда) тор-мор қилишга осон эмиш, ингичка йиғин узишга осон эмиш. Юпқа қалин бўлса, тор-мор қиладиган баҳодир эмиш. Ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш», деган жумлалар бор кўк турклардан қолган «Тўнюқуқ» битиктошида. «Ингичка узилиб, йўғон чўзиладиган» бундай шароитда иқтисоди бақувватлар зарар кўрар, лекин узилиб кетмайди, иқтисоди бўш давлатлар-чи, бор пулини ривожланишга тикиб келаётганлар-чи? АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Германия, Франция каби давлатларда шунга ўхшаш кунлар учун (халқимизда «қора кун» дермиди) ички захира бор, бироқ ривожланаётган ва қолоқ давлатларда бундай захира йўқ. «Касод бўлса, ўзига. Касод бўлаётган менмас, у-ку!» деяётганлар адашишади. Дунё бир бутун занжир. Қайсидир давлат қолоқликка шўнғиса, бу бутун дунёга ташвиш бўлади. Қарз олишсин деймиз, худди бу осондек…

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиева дунё иқтисодиёти 2008-2009 йиллардаги глобал молиявий инқирозга қараганда кучлироқ турғунлик ҳолатига киргани ва фонд мисли кўрилмаган миқдордаги талабларни қондириш учун ўз кучини кўпайтириши кераклигини айтди. Қарз, қарз деймиз, ҳамма қарздор бўлиб қолди. Мана масалан, Глобал қарздорлик (хусусий ва суверен) 2017 йил охирига келиб 184 триллион долларни ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 225 фоизини ташкил этган. Ташкилот томонидан таъкидланишича, агарда бу қарз сайёрамизда яшовчи ҳар бир инсонга тақсимланса 86 минг доллардан тўғри келади, яъни аҳоли жон бошига глобал ўртача йиллик даромаддан 2,5 карра кўп.

Яна қарз олинса, тасаввур қилинг… Қарзни қарзга уриб юраверамиз дейсизми, а лаббай?!

Халқаро валюта фонди «Биз, айниқса, паст даромадли мамлакатлар учун жуда катта ёрдам устида ишлаяпмиз. Уларнинг аксарияти ушбу инқироздан олдин ҳам кучли ҳолатда эмас эдилар ва кўп, жуда кўп қарзга эга. Биз қарздорлик муаммосига дуч келган бошқа давлатлар билан бирга ушбу ҳолат дунё иқтисодиёти учун катта муаммога айланишига қарши курашишимиз керак. Қарздор давлатлар бутун дунёга муаммо бўлади», деган фикрни илгари сурди. Қарзини бермай юрган одамдан нафратланганингиз каби давлатлар ҳам қарздор давлатни «ёмонроқ» кўришади.

Жаҳон банки президенти Дэвид Малпасснинг айтишича, унинг ташкилоти Халқаро валюта жамғармаси билан ёрдам режасини ишлаб чиқаётганини айтганига ҳам бир ойча бўлиб қолди. Банк кам таъминланган мамлакатлар учун имтиёзли кредитлар бериш билан бир қаторда қарзлардан халос этиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. Хуллас, глобал инқироз яқинлашгани сари «пайтаваси йўқлар»га қийин бўлаверади. «Каттаконлар» ўзи билан ўзи овора. Ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши ҳам бўлмай қолиши керак, аслида. Ҳамма ўзини эплаб кетса-ку, нур устига аъло нур бўлади.

V

Мақола охирида нималар дейишимиз мумкин? Дунё глобал инқироз арафасида шундай аҳволга келиб қолди. АҚШ Россия билан ярашиб олган, Евроиттифоқчилар келиша олмаяпти, Хитой кутилмаганда ютиб чиқяпти... ва ҳоказо.

Олимпиадани ортга суришди, АҚШда сайловлар яқинлашяпти, ҳали Евро-2020 мусобақалари турибди. Ўйлай десак, ёзай десак — муаммо кўп. Инсоният бу муаммоларни ҳам енгиб ўтади, албатта.

Балки ҳаммаси ҳам биз ўйлагандек бўлмас, аммо шуниси аниқки, то бу вирусданда хавфлироқ бирор хавф туғилмагунча (масалан, ўзга сайёраликлар ҳужумими ё шунга ўхшаш бирор нима) инсоният ўзи учун керагидан ҳам кўп хулосалар чиқариб юборди. Энди келажак дунёси бошқача бўлади. Ишонаверинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг