Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон бозорларида 1,5 мингга яқин яроқсиз тарозилар аниқланди

Ўзбекистон бозорларида 1,5 мингга яқин яроқсиз тарозилар аниқланди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан республикадаги 190 дан ортиқ бозорлар ўрганилганда жами 5 981та тарози асбоблари текширувдан ўтказилган.

Агентлик берган маълумотга кўра, шундан 1 474 таси, яъни 24 фоизи фойдаланишга яроқлилиги тасдиқланмаган.

«Уларда ўз вақтида кўрикдан  ўтказилганлигини тасдиқловчи белги мавжуд эмас. Бундай тарозилар меъёрда хизмат кўрсата олмаслиги мумкин, ўлчовларнинг аниқлиги ҳам кафолатланмаган», – дейилади Агентлик хабарида.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда истеъмолчилар томонидан харид қилиш чоғида тарозиларнинг нотўғри ўлчаётганлиги юзасидан шикоятлар келиб тушган.

Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари Хоразм вилоятидаги «Қўшкўпир деҳқон бозори» МЧЖда тарози жиҳозлари ҳолати аянчли эканлиги, бу ердаги мавжуд савдо объектлари умумий сонининг атиги 2 фоизигина савдо марказлари вазн тарозилари билан жиҳозланган.

Шунингдек, Нукус шаҳридаги «Нукус деҳқон бозори»га қарашли деҳқон бозорида фаолият кўрсатаётган умумий савдо марказлари ва шохобчаларининг (1 036 та) бор-йўғи 15 фоизи (159 та) да тарозилар бор. 

Андижон вилояти Асака тумани деҳқон бозори «Асака деҳкон бозори»да тарозилар билан жиҳозланиш даражаси атиги 5 фоизни ташкил этади.

Ўрганиш натижаларига кўра, қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш юзасидан  бир қатор деҳқон бозорларига тегишли кўрсатмалар берилди.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг