«2 метр» Британия иқтисодиёти тикланишига халақит беряпти...

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон коронавирус тарқалиши хавфсизлиги нуқтаи назаридан 2 метрлик оралиқ масофани сақлаш қоидаси қанчалик мақсадга мувофиқлигини ўрганиш ҳақида топшириқ берди.
Гап шундаки, Британия иқтисодиёти тикланишига ушбу чеклов жиддий тўсиқ бўлаётгани ҳақида кўп сонли эътирозлар келиб тушган. Хабарда айтилишича, мамлакатда ресторан ва паблар очилиши белгиланган 4 июлга қадар бу масала узил-кесил ечимини топиши керак.
Торилар собиқ етакчиси Иэн Дункан Смитнинг айтишича, 2 метрлик масофа мақсадга мувофиқлиги бўйича асосли далиллар бор, шунга қарамай, сиёсий қарорни, иқтисодиётнинг эртасини ҳам унутмаган ҳолда, бош вазир қабул қилиши шарт.
Маълумот учун: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ, SARS-CoV-2 вирусини юқтирмаслик учун кишилар орасидаги масофа камида 1 метр бўлиши шарт. Ушбу тавсияга Хитой, Дания, Франция ва Сингапур амал қилмоқда. Фуқароларга тавсия этилган оралиқ масофа Австралия, Бельгия, Германия, Греция, Италия, Нидерландия ва Португалияда — 1,5 метр. Жанубий Кореяда — 1,4 метр, АҚШда — 1,8 метр, Канада ва Испанияда — 2 метрдан яқинроқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter