Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор» — Шавкат Мирзиёев

«3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор» — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси очилиш маросимида нутқ сўзлади.

«Ҳозирги вақтда дунё миқёсида кичик ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.

Кўплаб мамлакатларда қарийб 200 миллион бола мактабгача таълим билан қамраб олинмагани натижасида уларнинг бошланғич билим олиш имкониятлари чекланмоқда.

Ўз навбатида, кейинги бир неча йил давомида коронавирус пандемияси таълим соҳасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатгани сир эмас.

Мана шундай синовлар даврида барча давлатларнинг яқин ҳамкорликни янада чуқурлаштириши, халқларимиз ўзаро бирлашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиши нақадар муҳимлигини яққол кўрсатмоқда.

Шу маънода, бугунги анжуманимиз ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналиши ҳисобланган болалар таълими масаласида барчамиз бир бўлиб, янги ёндашувлар ва ечимлар ишлаб чиқишимизга хизмат қилади, деб ишонаман», деди президент.

Давлат раҳбари мамлакатимизда ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилаётганини қайд этди.

«Ҳозирги пайтда юртимизда 3 миллионга яқин мактабгача ёшдаги болалар бор.

Ҳеч шубҳасиз, улар бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз бунёдкорларидир.

Шуни ҳам айтиш жоизки, юртимизда яқин ўтмишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди.

Деярли барча мактабгача таълим ташкилотларда замонавий технологиялар ва қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб эди.

Бу эса болаларимизни тўлақонли сифатли таълим ва тарбия олишини чеклаган.

Ҳолбуки, фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Биз ислоҳотларнинг биринчи кунлариданоқ мавжуд таълим соҳасини, хусусан, мактабгача таълимни тубдан модернизация қилишга қарор қилдик.

Шу мақсадда, юртимиз тарихида илк бор алоҳида Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик.

Боғчаларни замон талабларига мос равишда янги босқичга кўтариш, илғор тарбия услублари ва методикаларини кенг қўллаш, ўқув-моддий базасини кучайтиришга катта эътибор қаратмоқдамиз.

Соҳани кенг ривожлантириш учун хусусий сектор кириб келишига ҳам қулай шарт-шароитлар яратиб бердик.

Боғчаларда ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар берила бошланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди.

Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шунингдек, педагог кадрларнинг малакасини тизимли ошириб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилди.

Ушбу чоралар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сонини 600 мингдан 2 миллионга етказилиб, қамров кўлами 70 фоизга чиқди», таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг