Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абдусаид Кўчимов давлат мукофоти билан тақдирланди

Абдусаид Кўчимов давлат мукофоти билан тақдирланди

Президент фармони билан ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланди.

Устоз Абдусаид Кўчимов бугун, 15 май куни таббарук 70 ёшни қарши олди.

Таниқли ижодкор меҳнат фаолиятини «Ўқитувчи» нашриётидан бошлаган. Болалар газетасида адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳаррир лавозимларида меҳнат қилган. «Шарқ юлдузи» журналида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бўлим мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси, «Тошкент» телерадиоканали бош директори, «Xabar» газетаси бош муҳаррири вазифаларида самарли меҳнат қилган.

Серқирра ижодкорнинг биринчи китоби – «Кашфиётчи болалар» 1978 йили чоп этилган эди. Ўтган йиллар давомида «Менинг Ўзбекистоним» (1979 йил), «Тошбургут» (1981 йил), «Менинг юлдузим» (1984 йил), «Чаноқ» (1985 йил), «Ҳалқа» (1987 йил), «Икки баҳор» (1990 йил), «Умид дарахтлари» (1992 йил), «Қиёфа» (1996 йил), «Ёсуман» (2000 йил), «Баланд тоғлар» (2002 йил), «Кўзларимнинг қароғидасан» (2006 йил), «Муҳаббат боғлари» (2008 йил), «Эл сув ичган дарёлар» (2009 йил), «Танланган асарлар» (2011 йил) номли насрий ва назмий китоблари турли нашриётларда чоп этилди.

Адибнинг «Баланд тоғлар» қиссаси асосида тўрт серияли, «Бойчечак» ҳикояси асосида эса бир серияли бадиий филмлар яратилган. «Ҳалқа» ва «Ҳаёт ҳукми» номли китоблари Хитой Халқ Республикасида нашр этилган. Бир қанча ҳикоя, қисса ва шеърлари рус, украин, молдован, турк ва бошқа жаҳон тилларига таржима қилинган. Унга табиатни асраб-авайлаш мавзуидаги асарлари учун Халқаро ЮНЕСКО мукофоти, «Ҳалқа» китоби учун Ғафур Ғулом номидаги мукофот берилган.

А.Кўчимов Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвони, «Шуҳрат» медали, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган. 1990-1994 йилларда Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига, 1994-1999 ва 1999-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.

«Xabar.uz» ижодий жамоаси шогирдларига меҳрибон, самимий инсон Абдусаид акани муборак 70 ёши билан чин дилдан табриклайди. Қадрли устозга мустаҳкам соғлиқ, юксак ижодий парвозлар тилайди!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг