Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Абитуриентларнинг саволларига ким жавоб беради?

Абитуриентларнинг саволларига ким жавоб беради?

Фото: «Xabar.uz»

Кириш имтиҳонлари тартибидаги ўзгаришлар ҳақида эълон қилиниши билан саволлар кўпайди. Бу шундоқ ҳам ҳаяжонда турган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қўшимча руҳий юк бўлиб тушмоқда. Тўғри, матбуот анжуманлари ўтказиляпти, чиқишлар қилиняпти, лекин бу оз шекилли.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжумани ҳақида хабар берганимдан сўнг, бот орқали менга ҳам саволлар кўпайди. Қани энди уларга жавоб бера олсам (ҳуқуқшунос эмасман-да).

Назаримда «имтиҳоншунослик» деган янги бир илм пайдо бўлди-ю, мен бу илмда умуман «ноль»ман (кўпчилик сингари).

Қачон ҳужжат топшириш бошланади? Сиртқи бўлимга ҳам имтиёзлар ўтадими? Бу йил ЭКИҲ тўлаяпмиз, демак шу йилданоқ сифатли видеокузатув ва бошқа ваъдалар амалга ошишидан умид қилсак бўладими?

ДТМ сайтида бугунги янгиликлар ҳақида етарли маълумот берадиган контентлар кам, интерактив савол-жавоб функцияси ҳам йўқ. Ташкилотнинг «қайноқ линияси»га боғланиб, «уч йўналиш» принципи сиртқи таълимга ҳам жорий этиладими деган оддий саволга жавоб ололмадим, саволимни Олий таълим вазирлигига бериш кераклиги айтишди.

«ЭКИҲ 50 фоиз миқдоридаги тўлов қаерга тўланади? ДХАгами?» деган саволга яна бошқа ташкилотдан жавоб сўраш керак. Тест саволларида хариталар ишлатилиши борасидаги саволга ҳам қониқарли жавоб олинмади. Хуллас, абитуриент қайси саволни кимга беришни ҳам билиши керак экан.

Таассурот шундайки, масъулларнинг ўзлар ҳам нима қилиш кераклигини охиригача билишмайди, ноаниқликлар кўп, Қарорни амалга жорий этиш бўйича ягона талқин ва якдил тартиб ишлаб чиқилмаган. Масалан, «фанлар кетма-кетлиги» масаласида Олий таълим вазирлиги ва ДТМ талқинлари турлича эканини кўрдик.

Ёш авлоднинг келажаги учун шундай муҳим ўзгаришлар қилинаётган экан, ягона бир ахборот маркази ташкил қилиб, ўша ерда ҳамма саволларга жавоб берадиган бир штаб очса бўлмасмикан? Биз ҳам муштарийларга ўша манзилни берардик.

Ҳозирча абитуриентларга саволларини йўллаш учун ягона манзил сифатида advice.uz сайтини тавсия этаман. У ерда ҳуқуқшунослар жамоаси ишлаяпти. Саволларингизни сайтдаги «онлайн-маслаҳатчи» хизмати орқали йўлланг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг