Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Африкадаги «резина» орол — нега кўпчилик бу ерда яшашни истайди? (фото)

Африкадаги «резина» орол — нега кўпчилик бу ерда яшашни истайди? (фото)

Оролнинг майдони 2 минг квадрат метр.

Фото: Onedio

Африка мамлакатлари қарама-қарши жиҳатлари билан кўпчиликка ҳамма вақт қизиқ туюлган. Масалан, Виктория кўлидаги чоғроққина бир оролда одамлар бунчалик тиқилинч яшаши ажабланарли.

Дунёда аҳоли бунчалик зич яшайдиган бошқа бир орол йўқ. Орол 20 йилки, Угандагами ёки Кениягами тегишли деган мунозаралар орасида қолган. Шу сабабли оролда яшовчилар икки қўшни мамлакатга ҳам солиқ тўлайди. Икки ҳисса тўлов тўлаб ҳам маҳаллий аҳоли оролни тарк этмайди. Чунки, бу ерда яшаш уларга етарлича фойда келтиради.

Орол кўлнинг энг чуқур ерида жойлашгани сабаб, сувда анча хавфли жониворлар — тимсоҳлар ва бегемотлар яшайди. Гарчи чўмилиш учун сувга тушишга ҳамма ҳам журъат қилолмаса-да, йиртқичлар ҳам маҳаллий аҳолини оролдан узоқлаштиролмайди.

Оролнинг майдони 2 минг квадрат метр, бошқача айтганда, тахминан ўртамиёна футбол майдонининг ярмича келади. Ана шу ҳудудда яшаётган аҳоли сони 500 нафардан ошади. Энди ана шунча аҳолини ярим футбол майдонича ерда, улар яшайдиган уйлар, черков ва хўжалик бинолари билан биргаликда тасаввур қилинг.

Мигинго ороли қирғоқлари қоялардан иборат. Яъни, бу ерда ҳосилдор ер йўқ. Оролда дарахт ҳам анчадан буён ўсмайди, бу ерга ўрнашиш жараёнида кесиб ташланган. Аҳолининг ягона тирикчилик манбаси бу балиқчиликдир. Кўлда эса балиқ керагидан ортиқ.

Хатарли бўлса ҳам, балиқ ови бу ерлик аҳолининг бор-буди. Ҳар гал солиқ тўланганда, ҳамёнлари бўшаб қолса ҳам одамлар материкка кетишни исташмайди. Аксинча, янги келган балиқчилар ҳисобидан бу ерлик аҳоли сўнгги вақтда 4 баробарга кўпайди.

Балиқчилар материкдан кўра, шу оролда бўлганлари туфайли овлари бароридан келади деб ҳисоблашади. Айрим ҳолларда бир балиқнинг ўзи 100 кило тош босгани кузатилади. Шундан оролдаги балиқчининг ҳафталик даромади 300 долларгача етиши мумкин. Бу табиийки, Африка фуқароси учун жуда катта маблағ. Овланган балиқ дарров улгунжи харидорлар томонидан талашиб олинади ва балиқчиларга нақд пул берилади. Электрон тўлов ҳали оролда мавжуд эмас.

Қизиғи, Мигинго ороли билан ёнма-ён яна бир Усинго ороли ҳам жойлашган. Унинг майдони анча катта ва бу оролда ҳеч ким яшамайди. Аҳолининг ишонишича, Усинго — руҳлар макони ва уларни безовта қилиш мумкин эмас. Одамлар қўшни оролга аҳён-аҳёнда, фақат қурбонлик қилиш ва маросимларни адо этиш учун, ўтишади.

Агар Сиз балиқчилар оролида бўлишни истасангиз, Уганда ва Кения давлатлари ваколатхонасидан рухсат олишингиз, оролдаги полиция бўлимидан расман қайддан ўтишингиз ва унча қиммат бўлмаган бадални тўлашингиз керак бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг