Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Агар ер юзида дўзах бўлса, у шу ерда эди» — The Washington Post нашри Херсондаги маҳбуслар қийноққа солинган жой ҳақида ҳикоя қилди

«Агар ер юзида дўзах бўлса, у шу ерда эди» — The Washington Post нашри Херсондаги маҳбуслар қийноққа солинган жой ҳақида ҳикоя қилди

Херсон кўчаларидан ҳамон мурдалар топилмоқда.

Шаҳар озод этилганидан сўнг кўп ўтмай Херсонга ташриф буюрган Украина президенти Владимир Зеленский бу ерда Россия армияси «мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби, ваҳшийликларни содир этганини» айтди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, украиналик терговчилар 400 дан ортиқ ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштирган. The Washington Post журналистлари Херсон аҳолиси билан суҳбатлашди. Улар ишғол пайтида шаҳарда содир бўлган воқеаларни айтиб беришди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Херсонда рус ҳарбийлари маҳбусларни қийноққа солиш учун вояга етмаганлар қамоқхонасидан фойдаланган. Қамоқхона рўпарасида яшовчи 48 ёшли Сергей «Агар ер юзида дўзах бўлса, у шу ерда эди», деб таърифлайди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қамоқхонанинг кулранг уч қаватли биносига туну-кун машиналар келиб, одамларни бошига қоп кийдириб олиб чиқишган. Бир мунча вақт ўтгач, рус ҳарбийлари уларнинг баъзиларини калтакланган ва қийноққа солинган ҳолда қўйиб юборишади, бошқалари эса қамоқхоналарга юборилади. Кейинчалик бу одамлар билан нима содир бўлганлиги номаълум.

Руслар украиналикларни исталган сабаб билан — «нотўғри» сўзлари, кийим-кечаги, татуировкалари учун ҳибсга олишган. «Улар кимни ушлашса барчасини: партизанлар, фаоллар ва исталган кишини тутиб олиб кетардилар», деди маҳаллий аҳоли вакили Лариса.

Ҳозирча ҳибслар кўламини аниқ баҳолашнинг имкони йўқ, бироқ Херсон вилоят кенгаши раҳбари Александр Самойленконинг фикрича, гап минглаб маҳбуслар ҳақида кетмоқда.

«Бир кунда Россиянинг қийноқ камераларида 600 киши бўлган. Кўп одамлар бедарак йўқолди. Бу даҳшатли туш эди», — дейди у. Самойленконинг сўзларига кўра, Херсонда Буча, Ирпен ва Изюм каби рус ҳарбийлари томонидан содир этилган кўплаб жиноятларга далиллар топилган.

Асирликда омон қолганлардан бири, 64 ёшли Александр Кузминнинг айтишича, қамоқхонада ФСБ ходимлари унинг оёғини болға билан синдирган. Қамоқда бошқа одамларнинг қичқириғини ҳам эшитган. Маҳаллий аҳоли қамоқхонада маҳбусларнинг қийноққа солинганини эшитганликларини тасдиқладилар: «Қийноқларлардан қичқириқлар эшитиларди».

Кузмин журналистларга маҳаллий аҳолига гривна олишда ёрдам бергани учун ҳибсга олинган ёш камерадоши ҳақида гапирди. Руслар унинг жинсий аъзоларига сим боғлаб, электр токи билан қийноққа солишган.

Washington Post мақоласида маҳбусларнинг ўлдирилишига оид далиллар ҳам мавжуд.

35 ёшли Андрей камида битта шундай ҳолат ҳақида билишини айтди. Унга кўра, россиялик ҳарбийлар тиз чўкишдан бош тортган одамни отиб ўлдирган. «Улар унинг жасадини 24 соат давомида камерада қолдиришди», деди Андрей. Бошқа гувоҳларнинг айтишича, ҳарбийлар одамларни ҳовлига олиб чиқиб ўқ узишган.

Маҳаллий аҳоли россиялик ҳарбийларнинг яқин атрофдаги дўконлардан спиртли ичимликлар олиб, қамоқхонага фоҳишаларни олиб келишганини ҳам айтишган. Собиқ маҳбусларнинг сўзларига кўра, руслар биноларга хоҳлаганича ўқ узишган, ҳатто қўл гранаталарини ҳам улоқтиришган.

«Биз улардан ғазабда эдик, лекин табассум қилишимиз керак эди, чунки биргина нотўғри сўз қамоқхонага етаклашини билардик», деди Херсонда яшовчи Сергей.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг