Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ вазири: «Йил якунига қадар вилоят ва туман марказларида интернет тезлиги бир неча баробарга оширилади»

АКТ вазири: «Йил якунига қадар вилоят ва туман марказларида интернет тезлиги бир неча баробарга оширилади»

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон раҳбарияти ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан, иқтисодиётнинг рақамли секторини жадал ривожлантириш, рақамли иқтисодиётга инновацияларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлидан бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов «ICTWEEK UZBEKISTAN» ҳафталиги доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «DIGITAL UZBEKISTAN» форумида айтиб ўтди.

Шу нуқтаи назардан, вазир жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда АКТ соҳасида амалга оширилган ишларни акс эттирувчи бир нечта далилларни келтирди.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича:

  • Йил бошидан буён 8 минг км.дан ортиқ оптик толали алоқа йўллари ётқизилди ва унга 5,5 мингдан ортиқ ижтимоий объектлар уланди, жумладан, мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари;
  • оператор ва провайдерлар учун халқаро интернет-канал нархини пасайтириш бўйича ишлар давом этмоқда. Жорий йил бошидан буён нархнинг пасайиши 26 фоизни ташкил этди.

Дастури таъминот бозорини ривожлантириш бўйича:

  • Ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш, шунингдек, стартап лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг июл ойида IT-парк ташкил этилди.
  • АКТ ҳафталиги доирасида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан биргаликда республикамиз олий ўқув юртлари талабалари ўртасида мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат бўлган «mGovAward» мобиль иловаларини ишлаб чиқариш бўйича танлов эълон қилинди.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш масалалари ва электрон давлат хизматларини тақдим этиш бўйича:

  • Жорий йилнинг июн ойида тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Ўтган қисқа даврда тадбиркорларнинг 10 мингдан ортиқ сўровлари кўриб чиқилди, бу эса иқтисодиётнинг реал секторларига инвестициялар ҳажмини бир неча бор ошириш имконини берди.

АКТ соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва таълимни ривожлантириш бўйича:

  • Бу йил Тошкентда Амити университети филиали очилди ва талабалар ўқишни бошлашди.
  • Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда қўшма факультет очилди.
  • Юртбошимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш доирасида республикамиз ҳудудларида 17 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Уларда компютер технологиялари, дастурлаш ва робототехника бўйича бепул курслар ташкил этилди.

АКТ вазири ривожланаётган давлатлар учун рақамли трансформация йўлидаги асосий муаммолар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Жумладан, таълим ва ўқитиш, ёшларнинг табиий фанларга қизиқишини рағбатлантириш ва аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш учун қулай бўлган «экотизим»ни яратиш; меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш; шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида «рақамли тафовут»ни бартараф этиш масалаларига тўхталди ва бу борада Ўзбекистон доимо ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Форумда Ўзбекистон Республикасининг рақамли трансформация борасида яқин келажакдаги режалари ҳам баён этилди.

Биринчидан, йил охирига қадар республиканинг аҳоли масканларини мобиль алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражасини 96 фоизгача ошириш, шунингдек, интернет тармоғига уланиш тезлигини вилоят марказларида 4 баробарга, туман марказларида эса 10 баробарга ошириш кўзда тутилмоқда.

Иккинчидан, 2020 йил охиригача республиканинг барча ижтимоий объектлари, хусусан соғлиқни сақлаш муассасалари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари оптик толали юқори тезликдаги интернетга уланади. Бунда қарийб 19 мингта ижтимоий объектлар уланиши режалаштирилган.

Учинчидан, Ўзбекистонда венчур капитал фондини яратиш ва ахборот технологиялари соҳасида истиқболли стартап лойиҳаларни хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали молиялаштириш механизмини ишга тушириш кўзда тутилган.

Жорий йил охирига қадар шошилинч тиббий ёрдам хизматига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш лойиҳасининг биринчи босқичи якунланади. Унинг доирасида республикада қўнғироқларни бошқаришнинг ақлли тизимлари жорий этилади ва шошилинч тиббий хизматларнинг техник базаси модернизация қилинади.

Тўртинчидан, ёшлар ва республика аҳолиси учун сифатли ва арзон маълумот олиш имкониятини яратиш бўйича ишларни давом эттириш, мамлакатнинг ҳар бир минтақасида Рақамли технологиялар ўқув марказларини очиш давом эттирилади. Яқинда «Бир миллион Хоразмий дастурчилари» йирик дастур старт олади. Бунда кенг омма учун дастурлаш кўникмаларини масофавий ўқитишни ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг