Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазирига ўринбосарлар тайинланди

АКТ вазирига ўринбосарлар тайинланди

Пекос Олег Андреевич

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июндаги қарорига мувофиқ, Пекос Олег Андреевич Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

О.Пекос шу вақтга қадар «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «Телекоммуникация транспорт тармоғи» филиали директори лавозимида фаолият кўрсатиб келган.

Шу билан бирга, О.Пекос фаолияти давомида «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясида бир қатор раҳбар лавозимларида меҳнат қилган. М.А.Бонч-Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат телекоммуникациялар университетида «Ахборот тизимлари ва технологиялари муҳандиси» мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Пекос Олег Андреевич 1988 йилда Тошкент вилоятида туғилган.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июндаги қарорига мувофиқ, Махсудов Жамол Тиллоевич Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг телекоммуникация инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Махсудов Жамол Тиллоевич

Ж.Махсудов шу вақтга қадар «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси бош директорининг истиқболли ривожлантириш ва инновациялар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келган.

Ж. Махсудов фаолияти давомида «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясида бир қатор раҳбар лавозимларида меҳнат қилган. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган. Тошкент электротехника алоқа институтида «Электр алоқа муҳандиси» мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Махсудов Жамол Тиллоевич 1972 йилда Бухоро вилоятида туғилган.

***

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатаётган Юлдашев Каҳрамон Анварджанович АКТ вазирининг аграр соҳасини рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига, Эгамбердиев Жамшид Шарифжонович АКТ вазирининг инвестициялар ва молия масалалари бўйича ўринбосари лавозимига, Олматов Бахромжон Адхамович АКТ вазирининг ахборот хавфсизлиги ва режим масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг