Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алиев ва Эрдўғон янги ҳаво бандаргоҳини очиб берди

Алиев ва Эрдўғон янги ҳаво бандаргоҳини очиб берди

Бугун, 20 октябрь куни Озарбайжоннинг Зангилан шаҳрида янги халқаро аэропорт фойдаланишга топширилди. Ҳаво бандаргоҳи Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан очиб берилди. Шу тариқа Эрдўғон янги аэропортга ташриф буюрган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.

Президентлар янги иншоотдаги шарт-шароит билан танишган, уларга аэропортнинг рамзий калити топширилган.

Зангилан халқаро аэропорти бир ярим йил давомида барпо этилди. Бу –  Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида бунёд этилган иккинчи аэропортдир. Шаҳар роппа-роса икки йил аввал – 2020 йил 20 октябрь куни Арманистон қуролли кучлари назоратидан Озарбайжон тасарруфига ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 26 октябрь куни Қорабоғ минтақасида дастлабки ҳаво бандаргоҳи – Фузулий халқаро аэропорти фойдаланишга топширилган, уни ҳам президентлар И.Алиев ва Р.Т.Эрдўғон очиб берган эди.

Икки халқаро аэропорт ҳаёт қайта жонланаётган минтақада транспорт, туризм ва савдо-сотиқ ривожига хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг