Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анжелина Жоли АҚШ президентлиги пойгасига қўшилиши мумкин

Анжелина Жоли АҚШ президентлиги пойгасига қўшилиши мумкин

Фото: «magazine.ru»

АҚШда президентлик сайловларига ҳали бир йилдан кўпроқ вақт бор. 2020 йил 3 ноябрда дунёнинг энг қудратли давлати ўз етакчисини сайлайди. Аммо ҳозирданоқ кампания авж палласига кирмоқда.

АҚШ президентлигига номзод аввало иккита асосий партия ичидаги бирламчи сайловларда (праймериз) иштирок этиши керак. Сиёсий ҳаракат ўзининг ягона вакилини саралаб-сайлаб, «мана бу биздан президент бўлишга лойиқ номзод», дея расмий эълон қилиши лозим. Президентлик сайлов кампанияси эса 2020 йил февралда бошланади.

«Xabar.uz» ҳар бир номзод ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қилмоқда.


Мавзуга оид: Официантликдан президентликка қадар


Ҳозирда амалдаги президент, 73 ёшли Дональд Трампга келгуси йили ғалаба қозониши мумкин бўлган  бош номзод сифатида қаралмоқда. У ўзига вице-президент сифатида 1991-1997 йилларда Массачусетс штати губернатори бўлиб ишлаган Уильям Уэлдни илгари сурди. 74 ёшли бу сиёсатчи аввал Либертариан партияси аъзоси бўлиб, 2016 йил майда республикачилар сафига келиб қўшилган.    

Бундан ташқари, республикачи номзодлар орасида 2011-2019 йилларда Огайо губернатори бўлиб ишлаган Жон Кейсик, теннессилик сенатор Боб Коркер, 2015 йилдан Мэриленд губернатори Ларри Хоган ҳам бор.


Мавзуга оид: Президентлик пойгаси. АҚШда катта жанг бошланди


Ижтимоий сўровларга кўра, Трамп республикачилар орасида катта устунлик билан етакчилик қилмоқда. Шу сабабли амалдаги етакчи сиёсий кураш жараёнида асосий диққат-эътиборни демократ рақиблари фронтига қаратишига тўғри келади.

Демократлар жабҳасида вазият жуда чигал. Чунки бу партиядан ҳозирга қадар 279 нафар шахс Оқ уй эгалиги учун номзодини илгари сурмоқда. Ўзи бу галги сайловлар номзодларнинг ниҳоятда кўплиги билан тарихга кирмоқда.    

Улар орасида энг таниқлилари АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байден (2009-2017), Колорадо штати сенатори Майкл Беннет, Нью-Жерси штати сенатори Кори Букр, Монтана штати губернатори Стив Буллок, Саут-Бенд шаҳри мэри, 37 ёшли Пит Буттижич, Гавайи штати вакиласи Тулси Габбард, Аляска штати собиқ сенатори, 89 ёшли Майк Грейвел, Нью-Йорк мэри Билл Де Блазио, Мэриленд штатидан Жон Делейни, Нью-Йорк штати сенатори Кирстен Жиллибранд, Вашингтон губернатори Жей Инсли, 2014-2017 йилларда АҚШ уй-жой ва шаҳар тараққиёти вазири бўлган Хулиан Кастро, Миннесота штати сенатори Эми Клобушар, Мирамар шаҳри мэри Уэйн Мессам ҳисобланади.


Мавзуга оид: «Энг жозибали прокурор» энди президентликка даъвогар


Уларга партиядошлари Массачусетс штати вакили Сет Моултон, техаслик Бето О Рурк, огайолик Тим Райан, Вермонт штати сенатори Берни Сандерс, пенсильваниялик Жо Сестак, хеж-фонд бошқарувчиси Том Стейер, ёзувчи Марианна Уильямсон, Массачусетс сенатори Элизабет Уоррен, калифорниялик сенатор Камала Харрис, Колорадо штати губернатори Жон Хикенлупер, тадбиркор Эндрю Ян ҳам фаол келиб қўшилишган.

Кўриниб турганидек, асосий номзодлар губернаторлар, сенаторлар ва йирик тадбиркорлардир. Энг қизиғи, Ғарбий Виржиния сенати аъзоси Ричард Ожеда ва Калифорния штати вакили Эрик Суолуэлл ўз номзодларини илгари суриб, сўнг қайтариб олишга ҳам улгуришди.

Донгдор боксчи Оскар Де Ла Хойя, машҳур актриса ва БМТнинг яхши ният элчиси Анжелина Жоли ҳам истиқболда қизғин сиёсий жараёнларга бевосита қатнашиши мумкинлигини яширмаяпти. Бироқ улар ҳозирча расмий эълон билан чиқишгани йўқ.


Мавзуга оид: Гавайилик қаҳрамон АҚШни ўзгартирмоқчи. Президентлик пойгасига яна бир хоним қўшилди


Аввалроқ эса Таллахасси мэри Эндрю Гиллум, Нью-Йорк мэри Майкл Блумберг, огайолик сенатор Шеррод Браун, Лос-Анжелес мэри Эрик Гарсетти, Пенсильвания сенатори Боб Кейси, 2009-2015 йилларда АҚШ бош прокурори Эрик Холдер, Виржиния губернатори Терри Маколифф, Орегондан сенатор Жефф Мёркли ҳам президент бўлиш учун курашга киришмоқчи эканлигини билдирган эди. Бироқ ҳозирча улар бу улуғвор ниятларидан қайтган. Бироқ улар исталган қулай вақтда отни чамчилаб қолишлари мумкин.

Эътиборлиси, АҚШда Либертариан партияси ҳам гарчи таъсирли сиёсий кучга эга бўлмаса-да, ўз номзодини илгари сурмоқда. Ток-шоу бошловчиси, аризоналик Адам Кокеш тез орада сиёсий саҳнада пайдо бўлиши мумкин.


Мавзуга оид: АҚШда «ҳинду» президент бўладими?


Яшиллар партиясидан эса 2012 ва 2016 йилларда ўз номзодини кўрсатган массачусетслик шифокор Жилли Стайн хоним курашга киришади.

Нью-йорклик журналист, 80 ёшли Дэн Раттинер эса ҳеч бир партия эмас, балки мустақил номзод бўлиш ниятида ҳаракат бошлайди.

Экспертлар ҳозирча демократларга аҳолининг кўпроқ мойиллиги борлигини башорат қилишаяпти. Аммо улар номзодлари ниҳоятда кўплиги сабабли ягона кучли шахс атрофида бирлашиш имконияти йўққа чиқмоқда. Ҳамма ўз дастури бўйича интилгани сари сиёсий кучнинг қудрати заифлашмоқда, деган фикрлар ҳам билдирилаяпти.

Республикачилар қаватида эса муаммо янароқ жиддийроқ кўриниш олиши ҳеч гап эмас. Чунки амалдаги президенти Трампга нисбатан турли мустақил терговлар ҳамон тўхтамаяпти. Уни қандай қилиб бўлмасин, президентликдан четлаштириш бўйича зимдан ҳаракатлар авж олса олаяптики сира пасайгани йўқ. Агар унинг ғанимлари бу мақсадга эришса, республикачилар партияси жуда оғир аҳволга тушиб қолиши муқаррар. Чунки ҳозир республикачилар майдонида Трампдан бошқа маҳобатли ва молиявий қудратга эга сиёсатчи кўринмаяпти.

Л.Ҳасан ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг