Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аномал иссиқ Ўзбекистон ва Тожикистонда рекорд даражада олма ҳосилини нобуд қилиши мумкин

Аномал иссиқ Ўзбекистон ва Тожикистонда рекорд даражада олма ҳосилини нобуд қилиши мумкин

Фото: «Xabar.uz»

EastFruit экспертларининг хабарига кўра, 2022 йил баҳорида Ўзбекистон ва Тожикистонда жуда яхши олма ҳосили шаклланди.

Фермерлар ўтган мавсумдан фарқли ўлароқ, 2022 йилда кузги олма навлари ҳосилини яхши, эҳтимол, рекорд даражада бўлишини кутишган эди. Зеро, 2021 йилда совуқнинг икки тўлқини тугунакни қаттиқ шикастлаб, ҳосил ва мева сифатига салбий таъсир кўрсатган. Дарвоқе, фермерларнинг фикрича, 2021 йилда ҳосилга ортиқча юклама тушмаганлиги ҳам жорий мавсумда мўл ҳосил етиштиришга сабаб бўлди.

Бироқ, июль ойидаги об-ҳаво ўз ишини кўрсатди. Минтақада аномал иссиқ тахминан икки ҳафтадан ортиқ давом этди. Соя жойнинг ўзида ҳарорат 45-46 даражадан ошиб кетди, бу ўсимликнинг ҳаддан зиёд стресс олиши, сув танқислиги ва меваларни қуёш уришига олиб келади. Фермерлар, шунингдек, бундай ҳароратда мевали боғларни қайта ишлашга бир ўзлари жисмонан қодир эмасликларини айтишмоқда.

«Афсуски, Марказий Осиёдаги боғларнинг оз қисмигина дўлга қарши тўрлар билан жиҳозланган. Тўрлар ушбу минтақа учун янада муҳим вазифани бажаради –  меваларни қуёш уришидан  ҳимоялайди. Бироқ, ҳатто тўр тутилган боғларда ҳам дарахтлар ҳаддан зиёд термал стрессни бошдан кечирмоқда ва меваларнинг шаклланиши  кескин секинлашди. Баъзи боғларда жуда юқори ҳарорат туфайли дарахтлардан мевалар кўп миқдорда тўкилиши кузатиляпти. Боғлар тўр билан ҳимояланмаган бўлса, деярли барча мевалар қуёш уришидан жиддий зарар кўради, яъни, улар фақат қайта ишлаш учун яроқли бўлади, холос», дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.

Юқори ҳарорат ҳали зарур ҳажмга эга бўлмаган кузги олманинг жуда эрта пишишига олиб келди.  Бироқ деҳқонлар уларни йиғиб, дарҳол сотишга мажбур.  Айни пайтда Ўзбекистон супермаркетларида олманинг «Гала» ва «Голден Делишез» навлари мавжуд.  Шунингдек, бозорда эртаги олмаларнинг кўплаб навлари, шунингдек, импорт қилинган арзон олмалар (жумладан, Польшадан ҳам) сотилмоқда.

Умумий жиҳатдан олиб қараганда, бу Ўзбекистонда эртаги олманинг улгуржи нархлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан уч баробардан кўпроқ, чакана нарх эса ўртача икки баробар арзон бўлишига олиб келади.

Аномал об-ҳаво шароити таъсирини ҳисобга олинса, фермерлар олмани яна бир неча ой жуда арзон нархларда сотишга мажбур бўлишлари мумкин, чунки бундай олма яхши сақланмайди. Бироқ, қишда олма нархи кескин кўтарилиши мумкин, чунки маҳаллий олма захиралари етарли бўлмаслиги аниқ, дейилади таҳлилда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг