Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Ўзбекистонга Орол экотизимини тиклаш учун 1,6 миллион доллар ажратди

АҚШ Ўзбекистонга Орол экотизимини тиклаш учун 1,6 миллион доллар ажратди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизи ҳудудида чўлланишнинг салбий оқибатларига қарши курашиш мақсадида 1,6 миллион доллар миқдорида кўмак беради. АҚШ элчихонаси хабарига кўра, ушбу маблағ денгизнинг қуриган тубидаги экотизимни қайта тиклаш лойиҳаси иккинчи босқичи (ERAS II) доирасида ажратилган.

Бу – Орол денгизининг шимолий қисми бўлмиш Қозоғистон ҳудудида аввал бошланган лойиҳа доирасидаги ишларнинг мантиқий давомидир. Денгизнинг Ўзбекистон қисмида янги ўрмон экинларини ўтқазиш орқали ҳудудда ҳаво сифати ва яшаш шароитини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш мақсад қилинган.

«Давлат ташаббусларини амалга ошириш учун зарур салоҳиятни мустаҳкамлаш ва кўмак кўрсатиш – муҳим ёндашувлардан бири бўлиб, у орқали Қўшма Штатлар Марказий Осиёда барқарор тараққиёт ва иқтисодий ўсиш учун ўз тажрибаларини бўлишишга интилади. Бу каби лойиҳалар халқлар ўртасида узоқ муддатли истиқболни кўзлаган ҳолда ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, турмуш шароитини яхшилаш ва барқарорлик яратишга қаратилгандир», – дейди USAIDнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий миссияси Иқтисодий тараққиёт бўлими директори Лаура Чизмо.

Лойиҳа 2022 йилги БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP27) эълон қилинган АҚШ ҳукуматининг йўл харитасига мос келади. Унинг мақсади иқлим ўзгаришига қарши курашнинг асосий усули сифатида табиий ечимларни илгари суриш ва АҚШнинг иқлим мақсадларига эришишни тезлаштиришдан иборат.

Орол денгизининг қуриган тубида экотизимларни тиклаш лойиҳаси USAIDнинг сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Орол денгизи бўйича халқаро инновацион марказ, олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари, Мўйноқ тумани ҳокимияти ва Қозоғистон Республикасининг Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Халқаро агентлик Оролбўйи минтақасида кўкаламлаштириш ишларидан ташқари экин экиш ва уларни суғоришда инновацион технологияларни қўллаш бўйича изланишларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Орол фалокатининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш истагини билдирган.

USAIDнинг сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича минтақавий лойиҳасининг мақсади Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларидаги экологик хавфни камайтириш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Орол фожиаси – дунёдаги энг даҳшатли экологик офатлардан биридир. Бир вақтлар катталиги бўйича дунё миқёсида тўртинчи энг катта кўл бўлган денгиз Амударё ва Сирдарё дарёлари сувларининг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун олиниши ортидан 1997 йилга келиб аввалги ҳажмидан тахминан 10 фоизга қисқарди. Қум ва чанг бўронлари юзлаб километр ҳудуддаги атроф-муҳит ва инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқи ҳам Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 5 миллион евродан зиёд маблағ ажратган. ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг саҳрога айланаётган ҳудудни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларига кўмак сифатида жорий йил охиригача Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экиш мажбуриятини ҳам зиммасига олган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг