Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ суюлтирилган газини Осиё минтақасига йўналтиришни бошлади

АҚШ суюлтирилган газини Осиё минтақасига йўналтиришни бошлади

Америка Қўшма Штатларининг айрим тижорат компаниялари суюлтирилган табиий газ етказиб беришни Европа энергия бозоридан Осиё минтақасига йўналтиришни бошладилар. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида Европа Иттифоқида ёқилғи нархининг пасайгани кўрсатилмоқда.

Бу ҳақда «Коммерсант» газетаси Platts статистикасига таяниб ёзмоқда.

«Январ ойининг 20 кунида АҚШдан экспорт қилинган суюлтирилган табиий газнинг қарийб 64 фоизи Европага жўнатилган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг тўртинчи чорагидаги ўртача 70 фоизни ташкил қилган эди. Бу даврга келиб, мазкур маҳсулотнинг Осиё минтақасига экспорти тўртинчи чоракдаги 22 фоиздан 29 фоизга ўсди.

Агар Европа Иттифоқига қишда ўз омборларини тўлдириш учун кутилганидан камроқ ёқилғи керак бўлса, бу тенденция кучайиши мумкин. Қўшма Штатлар 2022 йилда минтақага энг йирик суюлтирилган газ экспортчисига айланганига қарамай, нархларнинг кескин ўзгариши узоқ муддатли шартномалар имзолашга имкон бермаяпти.

Қўшма Штатлар ёқилғи етказиб бериш йўналишларини босқичма-босқич ўзгартиришининг яна бир сабаби коронавирус тарқалиши билан боғлиқ чекловлардан кейин Хитой иқтисодиётининг тикланиши ва ишлаб чиқариш суръатларининг ошиши бўлди. Умуман олганда, АҚШ ҳозирда ойига тахминан 8,6-8,8 миллиард куб метр газ экспорт қилмоқда», – дейилади хабарда.

19 январ куни «Интерфакс» Евроиттифоқ ўтган йили 98 миллион тонна суюлтирилган газ сотиб олгани ва дунёдаги энг йирик харидорга айлангани ҳақида хабар берган эди. Европа Иттифоқи бу кўрсаткич бўйича Япония (71,997 млн тонна) ва Хитой (63 млн тонна)ни қувиб ўтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг