Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аргeнтарий, Мeнсарий, Нуммуларий - Қадимги Римдаги банкирлар фаолияти қандай бўлган?

Аргeнтарий, Мeнсарий, Нуммуларий - Қадимги Римдаги банкирлар фаолияти қандай бўлган?

Қадимги Римда илк банклар ибодатхоналарда жойлашган. Хусусан, ибодатхона ер тўласида пуллар ва хазиналар сақланган, шунингдек, ибодатхона қарз бериш каби банк фаолияти билан ҳам шуғулланган.

Ибодатхоналарни руҳонийлар назорат қилганлиги ва қуролланган аскарлар мунтазам қўриқлаганлиги сабабли, бадавлат римликлар у ерни пул қўйиш учун хавфсиз жой деб билишарди. Ўз навбатида руҳонийлар омонат ва ссудалар ҳисобини юритган. Қайдномаларда ёзилишича, Қадимги Рим Империяси ҳудудларида минглаб ибодатхоналар бўлиб, Сатурн ибодатхонасида давлат хазинаси – «Aerarium» жойлашган эди. «Juno Moneta» эса зарбхона вазифасини ўтаган.

Римдаги пул алмаштирувчилар – Аргeнтарий

Милоддан аввалги 3 аср ва милодий 3 асрлар оралиғида Ўрта ер денгизи бўйлаб савдонинг кенгайиши Рим дунёсида банк фаолиятини ривожлантирди.

Қолаверса, Форумдаги ибодатхоналардан ташқари дўкон ва расталарда хизмат қилган сарроф, яъни пул алмаштирувчилар ҳам банк фаолияти билан шуғулланган ва уларнинг роли савдонинг тараққий этиши билан катта аҳамият касб этади.

Маълумот учун, Қадимги Римда сиёсий ҳаётнинг маркази — жамоат майдони Форум деб аталган. Форумда бозор, ибодатхоналар, суд, халқ йиғинлари ва бошқа мақсадлар учун қурилган бинолар бўлиб, атрофи устунли пешайвон ва ҳайкаллар билан безатилган.

Валюта алмаштирувчилардан олдин Форум атрофидаги уйларда банк операциялари билан шуғулланадиган трапезитлар (юнонча «trapeza» сўзидан олинган бўлиб сарроф деган маънони англатади) бўлган. Кейинчалик ушбу юнонча атама лотинча аргентарий ва менсарий атамалари билан алмаштирилади.

«Аргeнтарийлар кўп вазифаларни бажарган, жумладан, пул сақлаш, қарз бeриш, аукционларда иштирок этиш, тангларнинг қиймати ва ҳақиқийлигини аниқлаш, янги зарб қилинган пулларни муомалага чиқариш».

 Ўз навбатида, Римда уч турдаги шахслар банк фаолияти билан шуғулланган: аргентарий, менсарий ва нуммуларий. Аргентарийнинг асосий вазифаси чет эл валютасини Рим валютасига «permutatio») алмаштириш эди. Уларнинг Форум атрофида жойлашган дўконлари вақт ўтиши билан функционал жиҳатдан кенгайиб пул сақлаш, қарз бeриш, аукционларда иштирок этиш, тангларнинг қиймати ва ҳақиқийлигини аниқлаш, янги зарб қилинган пулларни муомалага чиқариш вазифаларни бажара бошлайди.

Эътиборлиси, уларнинг иши ҳозирги замонавий банкларникига жуда ўхшаб кетган. Аниқроғи, ҳар хил тоифадаги аргентарий бор эди. Баъзилар жуда ҳурматга сазовор ва юқори табақадан бўлиб, одатда катта миқёсда ва жуда бадавлат одамлар учун фаолият юритган. Баъзилари эса юқори ставкалар олган ва кичик миқёсда бизнес олиб борган.

Аргентарий, шунингдек, бадавлат кишилар томонидан омонатга қўйилган пулларни (depositum) сақлаган, бу пуллар баъзан жуда катта миқдорда бўлиши мумкин эди. Замонавий банкларда бўлганидек, тўлов амалиётлари пул эгаси аргентариусга маълум қилганида ёки чекдан (perscriptio) фойдаланганда амалга оширилган. Агар битимда иштирок этган икки шахс бир хил аргентариусдан фойдаланган бўлса, аргентариус ўзининг кодекслар (ёки tabulae, rationes) деб номланган китобларида бир ҳисобдан иккинчисига пул ўтказмасини ёзиб қўяган. Кодекслар жуда аниқ эди; уларда сана ва ҳар бир операция қайд этилган. Бу ёзувлар судларда далил сифатида ишлатилган.

Яна бир муҳим жиҳатлардан бири, пул шунчаки депозитга қўйилганда аргентариус ҳеч қандай фоиз тўламаган ва бундай пул «vacua pecunia” деб номланган. Агар аргентариус депозит эгасига фоиз тўлаши келишилган бўлса қўйилган маблағни бошқа фойдали операцияларда масалан, бошқа шахсларга қарз беришда ишлатиши мумкин эди.

Аргентарий оммавий аукционларда ва тижорат битимларида ҳам қатнашган. Бундай вазиятларда улар бошқа шахслар номидан иш олиб бориши, тўловларни қабул қилиши ва иштирокчилар, битимлар, сотилган буюмлар ҳамда уларнинг қийматини рўйхатдан ўтказган. Тижорий операцияларида эса улар иккала томон (сотувчи ёки харидор) учун агент сифатида ҳаракат қилишган ва ҳатто бирор бир шахснинг бутун мулкини сотишда иштирок этишлари мумкин эди. Умуман, катта савдоларда аргентарийлар деярли ҳар доим мавжуд бўлган. Шунингдек, Империя даврида улар зарбхоналардан янги танга пулларни (solidorum venditio) сотиб олиб, халқ орасида муомалага чиқаришган.

Давлат банкирлари - Мeнсарий

Менсарий (лотинча «mensa» ёки «bank» сўзидан келиб чиққан) давлат томонидан алоҳида шароитларда хусусан, умумий қашшоқлик ёки уруш даврида тайинланган. Улар ниҳоятда ҳурматли давлат банкирлари бўлиб, мақсади плебейларга иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтишда ёрдам бериш эди. Бу ўша вақтда ижтимоий тартибсизликларнинг олдини олишдаги самарали йўл сифатида кўрилган. Менсарийлар биринчи марта милоддан аввалги 352 йилда пайдо бўлган.

Плебей атамаси патриций, сенатор ёки отлиқ синфларга мансуб бўлмаган барча эркин Рим фуқароларини назарда тутади. Плебейлар тоифасига Римнинг ўртача ишлайдиган фуқаролари – деҳқонлар, новвойлар, қурувчилар ёки ҳунармандлар кирган. Улар ўз оилаларини боқиш ва солиқларни тўлаш учун кўп меҳнат қилганлар.

Таъкидлаш ўринлики, Қадимги Римда қарздор плебейлар (nexum) қарз мажбуриятларини бажара олмаганларида қулликка дучор бўлишлари мумкин эди.

Менсарийларнинг баъзи функциялари аслида аргентарий билан бир хил эди ва ҳатто қадимги даврларда ҳам одамлар иккаласини чалкаштириб юборишган. Масалан, менсарийлар омонатларга (масалан, аскарларнинг маоши) эга бўлган. Улар тангаларнинг қийматини ва ҳақиқийлигини ҳам аниқлаган.

Бироқ, аргентарийлардан фарқли ўлароқ менсарийларнинг роли умуман ижобий деб ҳисобланган. Чунки улар Рим иқтисодиётидаги ортиқча қарз муаммосини ҳал қилишга муваффақ бўлишади. Жумладан, Гай Дуилий, Паблий Деций Мус, Марк Папирий, Квинт Паблий ва Тит Эмилий каби баъзи менсарийларнинг номлари Қадимги Рим дунёсида машҳур.

Зарбхона зобитлари – Нуммуларий

Нуммуларий зарбхона зобитлари бўлиб, уларнинг асосий вазифаси янги тангаларнинг сифатини текшириш эди. Улар янги тангаларни муомалага чиқариб, эвазига эски ёки хорижий тангаларни олган. Худди аргентарий ва менсарий сингари, улар тангаларнинг ҳақиқийлигини, айниқса катта суммларни текширувида иштирок этишган. Пул алмаштириш, омонатларни сақлаш, қарзга пул бериш, ўз мижозлари номидан тўловларни амалга ошириш нуммуларийларга ҳам тааллуқли ҳисобланган.

Хулоса қилиб айтганда, Қадимги Римда аргeнтарий, мeнсарий, нуммуларийларнинг вазифаси замонавий банкирларнинг ролига жуда ўхшаш эди. Уларнинг фаолияти чиндан ҳайратланарли. Лекин, айнан улар савдонинг ривожланишига, бойлик яратишга катта ёрдам берган.

Нурилло Тўхтасинов тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг